s
Бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва ишбилармонлар учун эркин иқтисодий муҳит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат органлари билан муносабатларида қонунийликни таъминлаш, ишбилармонлик фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар самараси нафақат қабул қилинаётган қонунларда, балки суд амалиётида қабул қилинаётган адолатли қарорларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Тадбиркор учун энг катта кафолат – бу унинг ҳуқуқи бузилган тақдирда мустақил ва холис суд орқали ҳимоя қилиниши мумкинлигига бўлган ишончдир. Чунки тадбиркор ўз сармояси, мол-мулки ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини ҳис қилгандагина фаолиятини кенгайтиради, янги иш ўринлари яратади ва мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшади. Шу маънода судлар иқтисодий муносабатларда фақат низоларни ҳал қилувчи орган эмас, балки қонун устуворлигини таъминловчи ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоячиси сифатида муҳим ўрин эгаллайди.
Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган навбатдаги иқтисодий иш ҳам бунинг ёрқин мисоли бўлди. Мазкур ишда иқтисодий муносабатларнинг муҳим тамойилларидан бири – шартнома шартларига қатъий амал қилиш ва қонунчилик талабларидан четга чиқмаслик масаласи атрофлича ҳуқуқий баҳоланди.
Иш ҳужжатларига кўра, "Voha Ne’matlari" масъулияти чекланган жамияти, банк томонидан ҳисобварағидан кечиктирилган тўлов учун ҳисобланган пеня мемориал ордер орқали акцептсиз тартибда ечиб олинганини қонунга зид деб ҳисоблаб, судга мурожаат қилган. Даъвогар банк томонидан амалга оширилган ушбу ҳаракатни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳисобварағидан асоссиз равишда ундирилган маблағни қайтариш ҳамда ҳуқуқий ёрдам учун сарфланган харажатларни қоплашни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъво талабларини қаноатлантиришни рад этган бўлса-да, иш апелляция тартибида қайта кўриб чиқилди. Судлов ҳайъати иш материалларини, тарафлар ўртасида тузилган факторинг шартномасини ва амалдаги қонунчилик нормаларини чуқур таҳлил қилди.
Таҳлил жараёнида тарафлар ўртасидаги шартномада банкка асосий қарз ҳамда унга ҳисобланган фоизларни белгиланган тартибда акцептсиз ундириш ҳуқуқи берилгани, бироқ кечиктирилган тўлов учун ҳисобланган пеняни мемориал ордер асосида сўзсиз тартибда ҳисобдан чиқариш ҳуқуқи назарда тутилмагани аниқланди. Суд Фуқаролик кодексининг тегишли нормаларига асосланиб, шартнома шартларини ҳар томонлама шарҳлади ва пеня банкнинг талаб қилиш ҳуқуқи сифатида белгиланган бўлса-да, уни акцептсиз тартибда ундириш учун аниқ ҳуқуқий асос мавжуд эмаслиги ҳақида хулосага келди.
Судлов ҳайъати, шунингдек, неустойка (пеня) мажбуриятни таъминлаш воситаларидан бири ҳисобланишини, уни ундириш бўйича низо келиб чиққан тақдирда кредитор ўз ҳуқуқини суд орқали амалга ошириши лозимлигини таъкидлади. Яъни, шартнома ёки қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилмаган ҳолда банкнинг тадбиркор ҳисобварағидан пеняни мустақил равишда мемориал ордер орқали ечиб олиши қонунчилик талабларига зид деб баҳоланди.
Айнан шу ҳуқуқий таҳлил натижасида апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ бекор қилди ва янги қарор қабул қилди. Қарорга мувофиқ, банк томонидан қўйилган мемориал ордерни ижро этиш мумкин эмас деб топилди, тадбиркор ҳисобварағидан акцептсиз тартибда ундирилган 63 миллион 80 минг 948 сўм маблағни қайтариш, ҳуқуқий ёрдам учун тўланган 30 миллион сўм адвокатлик харажатларини ҳамда суд харажатларини жавобгар зиммасига юклаш белгиланди.
Ушбу қарорнинг аҳамияти фақат бир тадбиркорнинг ҳуқуқини тиклаш билан чекланмайди. Энг аввало, мазкур иш судлар томонидан шартнома шартларининг мазмунига ҳуқуқий жиҳатдан пухта баҳо берилаётганини, иқтисодий муносабатларда ҳеч бир тараф қонун ва шартномада белгиланмаган ваколатдан фойдаланиши мумкин эмаслигини яна бир бор намоён қилди. Суд томонидан қабул қилинган мазкур қарор тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши, хусусий мулк дахлсизлиги таъминланиши ва қонун устуворлиги ҳар қандай иқтисодий муносабатнинг асосий мезони эканини яна бир бор тасдиқлади.
Бугун мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш фақат давлат сиёсати даражасида эмас, балки суд амалиётида ҳам изчил рўёбга чиқмоқда. Судлар томонидан қабул қилинаётган ана шундай қарорлар ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, хусусий мулк дахлсизлигини мустаҳкамлаш, инвесторлар ва тадбиркорларда эртанги кунга бўлган ишончни оширишга хизмат қилмоқда. Зеро, қонун устувор бўлган жамиятда тадбиркор ўзини ҳимояланган ҳис қилади, ҳуқуқи бузилганда эса уни тиклай оладиган мустақил ва адолатли суд борлигига ишонади. Бу эса Янги Ўзбекистонда инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари энг олий қадрият эканининг, тадбиркор ҳуқуқлари эса давлат ҳимоясида турганининг яна бир амалий ифодасидир.
Хушнуд Раҳимов, Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси