s
Ворислик ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири бўлиб, фуқаронинг вафотидан кейин унга тегишли мол-мулк, мулкий ҳуқуқ ва айрим мажбуриятларнинг ворисларга ўтишини тартибга солади. Ворислик муносабатлари жамиятда мулкий барқарорликни таъминлаш, фуқароларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда оила аъзоларининг қонуний манфаатларини кафолатлашга хизмат қилади.
Ворислик — бу мерос қолдирувчининг вафотидан кейин унга тегишли бўлган мол-мулк, мулкий ҳуқуқ ва қонунга мувофиқ мерос таркибига кирадиган мажбуриятларнинг бошқа шахсларга ўтишидир. Ворислик муносабатлари мерос қолдирувчининг вафоти ёки суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши билан юзага келади.
Ворислик ҳуқуқининг иштирокчилари, мерос қолдирувчи — ўзидан мерос қолдирган шахс, ворис — қонун ёки васиятнома асосида мерос олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, мерос таркиби — мерос қолдирувчига тегишли бўлган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар ва қонунга мувофиқ мерос қилиб қолдирилиши мумкин бўлган мажбуриятлар.
Ворислик икки асосга кўра амалга оширилади, васиятнома бўйича ворислик ва қонун бўйича ворислик.
Васиятнома — мерос қолдирувчининг ўз мулки тақдирини вафотидан кейин қандай тақсимлаш ҳақидаги ёзма ирода баёнидир. Васиятнома қонун талабларига мувофиқ расмийлаштирилиши лозим. Мерос қолдирувчи ворисларни эркин танлаш, уларнинг улушларини белгилаш ёки айрим шахсларни меросдан маҳрум қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ қонунда назарда тутилган мажбурий улуш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Агар васиятнома мавжуд бўлмаса, ҳақиқий эмас деб топилса ёки мероснинг барча қисми унда қамраб олинмаган бўлса, мерос қонун бўйича тақсимланади. Қонун бўйича ворислар белгиланган навбатларда мерос оладилар ва кейинги навбат ворислари фақат олдинги навбатдаги ворислар бўлмагандагина меросга чақирилади.
Мероснинг очилиши- мерос мерос қолдирувчи вафот этган кунда очилади. Агар шахс суд қарори билан вафот этган деб эълон қилинган бўлса, мерос суд белгилаган санада очилган деб ҳисобланади. Мерос очилган жой одатда мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш жойи ҳисобланади.
Мерос таркибига, кўчмас ва кўчар мол-мулк, пул маблағлари, қимматли қоғозлар, мулкий ҳуқуқлар, интеллектуал мулкдан келиб чиқадиган айрим мулкий ҳуқуқлар, қонунга мувофиқ мерос қилиб қолдирилиши мумкин бўлган мажбуриятлар.
Шахснинг шахси билан узвий боғлиқ ҳуқуқлар (масалан, алимент олиш ҳуқуқи ёки шахсий номулкий ҳуқуқлар) мерос таркибига кирмайди.
Меросни қабул қилиш - ворис меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш ҳуқуқига эга. Мерос қабул қилинганидан кейин ворис мерос таркибига кирувчи мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлади ҳамда қонунда белгиланган доирада мажбуриятларни ҳам қабул қилади.
Хулоса қилиб айтганда, ворислик ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институти бўлиб, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари узлуксизлигини таъминлашга қаратилган. Ворислик муносабатлари қонун ёки васиятнома асосида амалга оширилади ва меросни қабул қилиш, тақсимлаш ҳамда ворисларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий тартибини белгилайди. Бу қоидалар мулкий муносабатларда адолат, қонунийлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Урганч туманлараро судининг
судьяси И.А.Есеров