s
USD: Rub: Eur:
2024-08-23 525

Суд-ҳуқуқ соҳасидаамалга оширилаётган ислоҳотлародил судловга бўлган ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Юртимизда шиддатли тус олган ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бераётир. Кейинги саккиз йилда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган марралар ҳақида сўз юритсак, уларни санаб адоғига етолмаймиз. Халқ манфаати йўлида олиб борилаётган ишлар одамларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини оширмоқда.

Бундай ислоҳотларга жуда кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Хусусан, Президентимиз томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-897-сонли Қонуни билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, жисмоний шахслар ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинди.

Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, қонунлар устуворлиги ғоясини ҳаётга татбиқ этишни таъминловчи асосий механизм бўлмиш мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва такомиллаштириш Ўзбекистонда давлат томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг тамал тоши ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 январдаги ЎРҚ-899-сон Қонуни билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш, ўзгартириш, эгаллаб олиш ёки тўсиб қўйиш, уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб мулк талаб қилиш ҳам товламачилик сифатида жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

2024 йил 24 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги ПФ-80-сонли Фармони қабул қилиниб, суд-ҳуқуқ соҳасида инсон ҳуқуқлари ва манфаатларига қаратилган муҳим ўзгариш рўй берди. Фармонга кўра, аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриб бориш, жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириб бориш, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш мақсадида адлия органларининг қўшимча фаолият йўналишлари белгиланди.

Шунингдек, 2024 йил 05 июнь куни қабул қилинган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг энг муҳими деб бемалол айта оламиз. Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.Қонунда давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашуви, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар киритилди.Қонунга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади.

Суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланган юқорида қайд этиб ўтилган ислоҳотлар авваламбор, “Инсон қадри учун” ғояси асосида амалга оширилган бўлиб, улар адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд йўли орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ошишининг таъминланишига хизмат қилади.

 

Темур Юсупов, Хоразм вилоят маъмурий судининг судьяси

Мавзуга оид