s
Жорий йил 30 апрель куни халқ хоҳиш-иродасининг ифодаси сифатида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция халқчиллиги, жамиятдаги муҳим муаммоларни тўғридан тўғри тартибга солиши ҳамда бевосита инсон манфаатларига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Конституциянинг 15-моддасига кўра, у мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Конституцияга киритилган мазкур қоида орқали Конституция нормалари уларни қўллаш тартиби алоҳида қонунчилик ҳужжатларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар тўғридан-тўғри амал қилишига эришилди.
Дарвоқе, давлат раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда, барча давлат органлари, мансабдор шахслар, фуқароларнинг янги конституциявий норма ва принципларга оғишмай амал қилиши, Конституция тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат бўлиши шартлиги, давлат органлари, айниқса, судлар ўз фаолиятида Конституцияга тўғридан-тўғри мурожаат қилиши, унинг нормаларига асосланиб иш кўриши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Айни тамойилдан келиб чиқиб, бугунги кунда судларда ҳам Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш орқали адолатли суд қарорлари қабул қилиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада жорий йил 23 июнда Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.
Мазкур қарорда Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатиши қайд этилган. Шунга кўра, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва Конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозим.
Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилинишини учта хусусиятга қараб баҳолашимиз мумкин. Биринчидан, шахснинг конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларидан тўғридан - тўғри фойдаланиши; иккинчидан, барча субъектларнинг конституцияда белгиланган талаб ва мажбуриятларга риоя қилиши; учинчидан, ваколатли давлат органларининг конституциявий нормаларини қўллаши ва ижросини таъминлаши лозим. Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши – ижтимоий муносабатларни бевосита конституция нормасини қўллаган ҳолда тартибга солиш ва ҳал этишдан иборат.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатда ўтказилган конституциявий ислоҳотлардан асосий мақсадлардан бири ҳам халқнинг Конституцияга бўлган ишончини кучайтириш, турли ҳаётий масалаларга ечим топишда Бош қомус ҳуқуқий таянч ва суянч вазифасини ўтайдиган кучга айланишига эришишдир. Бу эзгу тамойил судлар фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.
Хоразм вилоят маъмурий суди
судьяси Т.Ибрагимов