s
USD: Rub: Eur:
2023-06-13 771

Ишратхона ташкил қилган аёлга суд ҳукми ўқилди

Инсон туғилибдики яхши яшаш учун меҳнат қилиб кун кўради. Аммо, айрим кимсалар жазо муқаррарлигини билсаларда енгил-елпи йўллар билан даромад топиш илинжида энг жирканч ишлардан ҳам тап тортмайдилар. Айтилишининг ўзиёқ дилни хира қиладиган фоҳишалик азалдан қораланади. Қадимдан халқимизда “гуруч курмаксиз бўлмайди” деган ибора ҳам аслида бежиз айтилмаган, жамиятимизда бузуқчиликни касб қилиб аёллик шаънига доғ тушираётган кимсалар ҳам афсуски йўқ эмас.

Хусусан, Боғот туманида яшовчи Элнура Ҳусанова ҳам (исм-шарифлари ўзгартирилган) оилали, 2 нафар фарзанднинг онаси бўла туриб, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганига қарамай қинғир йўл билан мўмай пул топиш мақсадида ўз яшаш уйида қўшмачилик қилишни мақсад қилган эди.

2023 йил 5 январь куни соат 18:30ларда қариндоши И.Дўстназаров ва унинг яқин ўртоғи О.Содиқовларнинг (исм-шарифлари ўзгартирилган) илтимосига кўра ўзининг беғараз ёрдамини таклиф этади, яъни қўшни маҳаллада яшовчи таниши Д.Зарипова билан жинсий алоқа қилишлари учун уларга шароит яратиб беришни ваъда қилиб хизматлари эвазига 100.000 сўм ва Д.Зарипова билан жинсий алоқада бўлишлари учун 250.000 сўм олишини олдиндан келишади.

Ишни ўзича пишитган Э.Ҳусанованинг режалари аслида хом ҳаёл бўлиб чиқади. Чунки, Э.Ҳусанованинг нопок қилмиши ҳақида ИИБ тезкор гурухига хабар қилган И.Дўстназаров ва О.Содиқовлар зудлик билан тезкор тадбирга жалб қилиниб, Д.Зарипова билан жинсий алоқа қилиш мақсадида Э.Ҳусанованиг уйига боришиб, келишилган пулни берган вақтларида ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўз ниҳоясига етказилиб, қўшмачи аёлнинг қинғир иши фош этилади.

Судда гувохларнинг кўрсатмаси ва далилий ашёларнинг мавжудлиги оқибатида Э.Ҳусанова кирдикорларини тан олишига тўғри келди. У судга енгиллик қилишини, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб кўрсатма берди. Аммо қилинган хар бир жиноят учун албатта жазо муқаррар. Суд унинг оилавий ва моддий ахволини инобатга олиб икки йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилди. Суд мажлиси ўзи яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр суд кўринишида бўлиб ўтди.

Барчамиз унутмайликки эртага ўйламай қилинган ҳар қандай қилмиш бир кун келиб албатта юзага чиқади. Оқибатда нафақат ўзимиз балки фарзандларимиз келажагига ҳам салбий таъсир қилиб қолиши мумкин. Мўмай пул илинжида ҳар қандай разилликка қўл уришга тайёр, номуси ва ориятини унутган кимсалар  алал оқибат муқаррар жазога рўбарў бўлади.

Ҳикмат Саидов,

Жиноят ишлари бўйича

Боғот туман суди раиси

Мавзуга оид