s
USD: Rub: Eur:
2026-02-26 174

Даъвони таъминлаш чоралари нима ва бу қандай тартибда амалга оширилади?

 

Фуқаролик ишлари бўйича судларда турли низоли масалалар кўриб чиқилади ва низони кўриш якуни бўйича қабул қилинадиган суд ҳужжатларининг ижроси муҳим.

Даъвони таъминлаш чоралари эса бевосита суд ҳужжатининг ижроси қилинишини таъминлаш билан боғлиқ процессуал ҳаракатлардан бири ҳисобланади.

  • Фуқаролик процессуал кодексига кўра, агар даъвони таъминлаш чораларини кўрмаслик суд ҳужжати ижросини қийинлаштирса ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйса, даъвони таъминлашга йўл қўйилади.

Суд мазкур чорани ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан кўриши мумкин. Даъвони таъминлашга суд процессининг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.

Давлат фойдасига мулкий ундирувлар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқаётганда суд (судья) даъвони таъминлаш чораларини кўриши шарт.

  • Қонунда (ФПК 106-модда) даъвони таъминлаш чораларининг бир нечта турлари алоҳида кўрсатилган. Жумладан:

1) жавобгарга тегишли бўлган мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаш;

2) жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш;

3) мол-мулкни хатлашдан чиқариш тўғрисида арз қилинган тақдирда, уни реализация қилишни тўхтатиш;

4) қарздор ижро ҳужжати юзасидан суд тартибида низолашаётган бўлса бу ҳужжат бўйича ундирувни тўхтатиш;

5) низоли мол-мулк бузилиши ёки ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатиш;

6) низоли мол-мулкни сақлаш учун учинчи шахсга (сақловчига) топшириш.

  • Қонунга асосан бу рўйхат тугал ҳисобланмайди ва зарур ҳолларда суд даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни ҳам кўриши мумкин.

Суд даъвони таъминлаш чорасининг бир нечта турини қўллаши мумкин, лекин уларнинг умумий суммаси даъвонинг баҳосидан ошиб кетмаслиги керак.

  • Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза судья (суд) томонидан ариза тушган куниёқ жавобгарни ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни хабардор қилмаган ҳолда ҳал қилинади.

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим тегишли мажбурий ижро бўлимига юборилади ва суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда дарҳол ижро этилади.

Қонунда даъвони таъминлаш чораларининг сақланиш муддатлари ҳам белгиланган бўлиб, унга кўра:

Даъво рад қилинган тақдирда, даъвони таъминлаш чоралари ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар сақланиб қолади. Бироқ, суд даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори билан бир вақтда ёки у қабул қилинганидан сўнг ажрим чиқариши мумкин.

Даъво қаноатлантирилган тақдирда, даъвони таъминлаш чоралари ҳал қилув қарори амалда ижро этилгунига қадар ўз кучини сақлаб қолади.

Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримлар устидан шикоят қилиш (протест келтириш мумкин.

Бироқ, ажрим устидан шикоят (протест) берилиши ушбу ажримнинг ижросини тўхтатмайди.

Яна бир муҳим жиҳати, жавобгар даъвони рад қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин даъвони таъминлаш бўйича кўрилган чоралар натижасида ўзига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.

 

А.Рахимов, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси

Мавзуга оид