s
2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган Референдумда Ўзбекистон халқи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди.
Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат.
Келинг, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтайлик.
Янги Конституцияда – “инсон-жамият-давлат” тамойили илгари сурилди ва келгусида ислоҳотларнинг муҳим шарти сифатида эътироф этилмоқда.
Конституцияда давлат суверенитети принципи янада мустаҳкамланиб,
1-моддасининг биринчи қисмида “Ўзбекистон - бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” эканлиги қатъий мустаҳкамлаб қўйилди.
Ижтимоий давлат – у қандай кўринишда бўлади?
Шуни таъкидлаш керакки, ижтимоий давлат ўзининг сиёсатида ижтимоий адолат тамойилларидан келиб чиқиб, фаолият юритади. Асосий мақсад – жамиятда яратилаётган моддий ва маънавий бойликларни ижтимоий адолат тамойили асосида қайта тақсимлашдан иборатдир. Бунда, ҳар бир фуқаронинг маиший турмуш тарзи ҳолатини сифат жиҳатдан юқори даражага олиб чиқиш, аҳолининг турмуш шароитининг табақаланишига, яъни улар ўртасидаги яшаш учун кетадиган сарф-харажатлар бўйича фарқларнинг катталашиб кетишига йўл қўймаслик ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмига давлат томонидан кафолатли тизим орқали ёрдам кўрсатилади. Яна ҳам аниқроғи, асосий мақсад яратилган неъматлардан ижтимоий кафолатлар орқали ҳамма баҳраманд бўлиши таъминланади. Аҳолисининг аксариятини кўп болали оилалар ташкил этган мамлакатда ижтимоий давлат принципи белгиланишининг аҳамиятини тасаввур этиш қийин эмас.
Ўзбекистонни дунёвий давлат сифатида қандай тасаввур этиш керак?
Конституцияда ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Яъни, диний эътиқод – ҳар кимнинг хусусий иши. Айни вақтда, дин давлатдан ажратилган. Бу Ўзбекистонда қурилаётган фуқаролик жамияти ва дунёвий демократик давлат талабларига тўлиқ жавоб берадиган тамойилдир.
Конституциянинг 55-моддасида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши конституциявий норма даражасида мустаҳкамланди ва суд назоратининг ҳуқуқий асоси белгилаб берилди. Бугунги кунда конституциявий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг мазкур механизми фуқаролик, иқтисодий, жиноий ва маъмурий суд ишларини юритишда самарали қўлланмоқда. Бевосита судга мурожаат қилиш имкони фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Конституцияда суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини мустаҳкамланиши инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий давлат қуриш вазифасини ҳал қилишни амалий ечимининг муҳим кафолати бўлди. Маълумки, ҳуқуқий давлатнинг зарурий белгиларидан бири мустақил суд ҳокимиятидир. Ҳуқуқ ва суднинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш юзасидан ўзаро нисбати “ҳуқуқ уни ҳимоя қилиш воситаси бор жойдадир” принципи орқали намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияни амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 8 майдаги ПФ-67-сонли фармонида суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқининг янги Конституциямизда кафолатланиши, суд назоратини барча соҳаларга татбиқ қилишни тақозо қилиши билан бирга суднинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Конституциянинг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши; инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини ташкил этиши лозимлиги белгиланган.
Шунга кўра, судлар давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари билан муносабатларда инсон ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида мазкур органлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда Конституцияда белгиланган мутаносиблик принципига риоя қилинганлигини текширишлари лозим.
Бунда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.
Конституциянинг 29-моддасига мувофиқ ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши лозим.
Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Шуни таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси мамлакатимизни янги тараққиёт босқичларига олиб чиқади ва барча ислоҳотларга ҳуқуқий подевор бўлиб хизмат қилади. [ОКОЗ:
З.Матсапаева Хоразм вилоят судининг Архив мудири