s
USD: Rub: Eur:
2024-06-25 197

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

ТЕЗКОР-ҚИДИРУВ ҲАМДА ТЕРГОВ ФАОЛИЯТИДА ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КАФОЛАТЛАРИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

 

2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ ўтказилган президентлик сайлови яна бир бор жамиятимизнинг сиёсий етуклиги, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимиз тўлиқ қўллаб-қувватлаганидан далолат берди.

Шу билан бирга, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда.

Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш,
соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал
ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси
Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан “Ўзбекистон-2030” стратегияси тасдиқланган бўлиб, ушбу фармон билан тасдиқланган стратегиянинг 1-иловасида 5 та устувор йўналишлар белгиланган бўлиб, стратегиянинг IV-устувор йўналиши “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш”га қаратилган бўлиб, унинг 2-банди бевосита Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга бағишланган, унга кўра

г) 2024 йил якунига қадар қонунда белгиланган асосларда
тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларига санкция бериш масаласини алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этиш белгилаб берилган эди.

Стратегиясида белгиланган ушбу устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 10 июнь куни “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сонли Фармони қабул қилинди.

Унга кўра:

жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш;

жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш;

жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш;

тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш;

тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш;

тергов судьясига жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш, яъни қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома; қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома; мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома; почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома; тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома; телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома; мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома; шунингдек мажбурлов чораларидан: айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома; айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси; ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш ваколати берилиши, шунингдек прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқиш ваколатлари берилмоқда.

Шу билан биргаликда тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қонунчиликда белгиланган тартибда тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш; қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш; фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш белгиланмоқда.

Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.

Тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофик, амалга оширилади.

Тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилади.

 

 

Мавзуга оид