s
USD: Rub: Eur:
2023-11-18 446

Биласизми

САВОЛ. Корхонамиз Ички меҳнат тартиби қоидалари Жамоа шартномамизга илова сифатида тасдиқланган шу мумкинми?

ЖАВОБ. Жамоа шартномаси ва Ички меҳнат тартиби қоидалари бири биридан мустақил ички ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади.

1️. Қуйидаги икки ҳужжатнинг тартибга солиш объекти бўйича бири-биридан фарқ қиладиган бошқа нарсалар эканлигини кўриш мумкин.

- Жамоа шартномаси – ташкилотда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан ўз вакиллари орқали ва иш берувчи томонидан тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир (МК 65-м. 1-қ.).

-Ички меҳнат тартиби қоидалари – меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ишга қабул қилиш ва ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби, меҳнат шартномаси тарафларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, иш режими, дам олиш вақти, ходимларга нисбатан қўлланиладиган имтиёзлар ва жазо чоралари, шунингдек ушбу иш берувчида меҳнат муносабатларини тартибга солишга оид бошқа масалаларни тартибга солувчи ички ҳужжатдир.

2️. Меҳнат кодексининг 12-моддасида белгиланганидек, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

  • жамоа келишувлари;
  • жамоа шартномалари (биринчи ҳужжат);
  • иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар (ички меҳнат тартиби қоидалари);
  • ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.

3️. Батафсилроқ тушиниш учун МКнинг 67-моддаси мазмунидаги Жамоа шартномасининг мазмунига ҳам эътибор берилиши керак деб ҳисоблайман! ЖШ мазмунида ходимларни ахволини оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ! ИМТҚда ходим билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш тартиби, жавобгарликка тортиш ва бошқа ҳолатлар киритилади.

4️. Жамоа шартномаси имзоланган кундан эътиборан ёки жамоа шартномасида белгиланган кундан эътиборан кучга киради ва шартномада назарда тутилган муддат ичида, бироқ кўпи билан уч йил амал қилади. Ички меҳнат тартиби қоидаларида муддат белгиланмайди, яъни муддатсиз тузилади.

5️. Битта ҳужжат билан танишган ходим унинг иловалари билан ҳам тиништирилган деб ҳисобланиши мумкин. Буни олдини олиш учун ҳам алоҳида ҳужжат сифатида тасдиқлаб, алоҳида имзо билан таништирилиши шарт. Қолаверса, МКнинг 78-моддасида иш берувчи жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ходимларни, шунингдек, меҳнат шартномасини тузишда ишга қабул қилинаётган ходимни жамоа шартномаси билан имзо қўйдириб таништириши шартлиги белгиланган.

6️. Жамоа шартномаси меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида (конференцияда) тасдиқланади, Ички меҳнат таритиби қоидалари эса Касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади, яъни меҳнат жамоаси билан эмас.

Хулоса: Бу икки ҳужжат бири-биридан мустақил ва буларни бирига иккинчисини илова қилиб тасдиқлаш Меҳнат кодекси талабларига зид ҳолда тасдиқланган деб  топилиши мумкин.

 

Жасур АТАДЖАНОВ,

Урганч Туман Адлия Бўлими

Юридик Хизмат Кўрсатиш Маркази Бошлиғи

Мавзуга оид