s
USD: Rub: Eur:
2024-03-14 484

Коррупциянинг жамият ва давлат учун ижтимоий хавфли хусусиятлари ва оқибатлари

 

Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.

Коррупция атамаси лотинча “орруптио” сўзидан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, бузилиш, ишдан чиқиш, ахлоқий (маънавий) бузилиш деган маъноларни англатади. Одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш бу давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Коррупция бу мамлакатда иқтисодиётни янада ўстиришга, халқ фаровонлигини оширишга, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашда тўсиқ бўлувчи омиллардан биридир.

Шу сабабли барча давлатлар каби бизда ҳам коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамият назоратига олинган.

Давлатимизда коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) қўшилиши, бу борада қабул қилинган қонун, Президент фармонлари ва қарорларида ўз тасдиғини топган.

Ушбу меъёрий ҳужжатлар мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш соҳасида вазифалар учун дастур бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш масалаларига доир тушунтириш ишларини амалга ошириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимни, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни ишлаб чиқиш йўли билан зарур чора-тадбирлар кўриб келмоқда.

Судлар томонидан судья ва суд ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини, шу жумладан ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, доимий йиғилиш ва семинарларда судьялар ва ходимларига коррупциянинг жамият ва давлат учун ижтимоий хавфли хусусиятлари ва оқибатлари тушунтириб келинмоқда.

Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳолатлар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шартлиги, ушбу мажбуриятнинг давлат органларининг ходимлари томонидан бажарилмаганлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органлари балки ҳар бир корхона, муассаса, ташкилот, юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳам асосий кундалик вазифасига айланиши лозим. Бу иллатга бефарқлиги ушбу иллатнинг кўпайишига хизмат қилса, унга муросасизлик билан курашиш эса унинг камайишига хизмат қилади.

Ҳудудларда судлар томонидан ўтказилган сайёр қабуллар ва халқ билан бўлган мулоқотларда алоҳида эътибор аҳоли онгида коррупцияга нисбатан муросасизликни шакллантириш, давлат ва суд-ҳуқуқ идоралари фаолиятида коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилмоқда.

Ушбу иллатга қарши курашиш ва бу борада қабул қилинган қонун, Президент фармонлари ва қарорларининг мазмун моҳияти судья ва суд ходимлари томонидан ҳар бир қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида, ўқув даргоҳларида, аҳоли ва юридик шахслар билан бўлган учрашувларда кенг тушунтиришлар олиб борилмоқда.

Ушбу соҳада давлатимиз томонидан қабул қилинган қонун ва дастурлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг, энг аввало, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, шунингдек, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга ва ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Хушнуд Балтаев, Хоразм вилоят судининг судьяси         

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид