s
USD: Rub: Eur:
2021-07-14 415

Асл илдизларга тортиб

Ўзбек давлати ва жамиятида 2016 йил кузида бошланган, уч минг йиллик давлатчилик тараққиётимизда ўз эътирофига эришиб улгурган босқич — Янги Ўзбекистон таъсир доираси кенгайиб бораётганини илғамаслик мумкин эмас.

Тарихни билганлар учун ушбу ҳолат иккиланиш туғдирмаслиги аниқ. Негаки, ўзбек давлатининг қаричи доимо катта, қарашларининг кўлами улкан бўлиб келган. Энг асосийси, оламнинг эндиги сиёсий турмуши ва харитаси янгидан-янги тушунча, қоида, тенгламалар билан нечоғли бойиб бормасин, уларнинг илдизи барибир ўтмишда қотиб бўлган тузукларга бориб тақалаверади. Уларни билмасдан туриб эса, мавжуд муносабатлар тизимига тўлақонли баҳо бериш анча қийин кечади. Ушбу тенглама Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий боғлиқлигидек долзарб масалага ҳам тегишлидир.

Марказий (Ўрта), Жанубий Осиё атамалари нисбатан кеча — XIX асрдан бошлаб дунёнинг ғарбий бўлаги вакиллари томонидан муомалага киритилган. Уларнинг сиёсий-ҳарбий, иқтисодий, илмий куч-қудрати ошиб бориши ва унга тегишинча умуман Осиё, хусусан, унинг сўз кетаётган теграларининг заифлашиши оқибатида бошқа кўплаб омиллар қатори жуғрофий атамалар ҳам ғарбчалашиб, тез орада тошдек қотган-қўйган. Ҳолбуки, ҳатто ўша география масаласида ҳам Шарқнинг, жумладан, унинг бош бўлаги Осиёнинг ўз қараш ва илми бўлганини бугун фақат мутахассислар билади, холос.

Марказий Осиёнинг милоддан олдинги II минг йиллик охири ва I минг йиллик бошларига оид географияси бўйича илк маълумотни биз ватани Хоразм бўлмиш “Авесто”дан топамиз. Унда таърифи келтирилган ўн олти ўлка Сирдарёдан Ҳинд дарёсигача бўлган ҳудудни — асосан, бугунги Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Шимолий Ҳиндистонни қамраб олган.

Мазмунан милоддан олдинги I минг йиллик иккинчи ярмида шаклланган машҳур “Маҳобҳорат” ўзбек ва ҳинд алоқалари жуда қадим ўтмишга эга эканидан далолат беради.

Чунончи, минтақамиздан Ҳиндистонга узун ва калта қиличлар, ойболта, найза, шунингдек, ипакли, пахтали, жунли тўқима маҳсулотлар, қўй терисидан тикилган кийимлар, турли ичимликлар, атторлик маҳсулотлари, отлар, қимматли тошлар олиб борилган. Хитой моллари ҳиндлар ўлкасига Турон орқали ташилганига оид гувоҳликларни ҳам эътибордан қочириб бўлмайди.

Александрни Турон ва Ҳиндистон томон чорлаган омилни унинг бутун дун ёга эгалик қилиш туйғуси билан боғлаш камлик қилади, албатта. Юнон-македонлар Шарқнинг битмастуганмас бойликларини ҳам қўлга киритиш истагида ёнган.

Мағлуб этилган аҳамонийлар салтанатининг бош хазинасини ташиб кетиш учун 10 минг хачир қўшилган арава ва 5 минг туя керак бўлгани, икки аср ичида тўпланган мазкур бойлик бугунги кун баҳосида 2,35 миллиард долларга тенглигини эслатишнинг ўзи кифоя.

Милод бошига келиб, асли туркий ўғизлардан бўлгани илмий жиҳатдан асосланган кушонийлар келгиндилар ҳукмронлигига узил-кесил чек қўйиб, ўзбек давлатида бошқарувни қўлга олади. Айнан улар ҳозирги Ўрта Осиё, Афғонис тон, Покистон ва Шимолий Ҳиндистонни бирлаштиришга эришган ва шу тариқа давлатчилигимиз тарихидаги илк салтанатчиликка асос солган. Буддавийликнинг ҳозирги Афғонистон, Ўрта Осиё, Хитой, Тибет, Япония, Корея ярим оролигача тарқалиши ҳам кушонийлар даврига (I-IV асрлар) тўғри келади. Буддавийларнинг Кашмирда ўтказилган тўртинчи қурултойига Канишка I (78-144) бош-қош бўлгани, бешинчиси эса, XIX асрдагина ташкил этилгани кўп нарсага ишора бўла олади

Бизни Ҳиндистон билан боғлайдиган омиллар кўп. Уларнинг энг ёрқинларидан бири қадим ва ўрта асрларда бу борада яратилган тенги йўқ асар сифатида тан олинган “Ҳиндистон” китобидир. 1030 йили тугалланган ушбу асарда буюк ўзбек мутафаккири Абу Райҳон Беруний мазкур ўлка халқлари тарихи, географияси, динлари, урф-одатлари, илм-фани, фалсафаси, қонунқоидалари, ёзувлари, адабиётига доир бугун ҳам ўз қимматини сақлаб қолаётган изланишлари натижасини баён этган. Уни ўзбек ҳиндшунослигининг асосчиси, десак ҳар томонлама мақбул бўлади.

Қадимги санскрит тилини мукаммал эгаллаган Абу Райҳон Беруний ҳинд олимларининг математика ва астрономияга оид бир қатор китоб ларини араб тилига таржима қилган, Эвклид, Птолемей асарлари ҳамда устурлобни ясашга бағишланган ўз рисоласини санскрит тилига ўгирган.

Ўзбек давлатини Ҳиндистон билан боғловчи яна бир тарихий жиҳат Муҳаммад Хоразмийнинг “Ҳинд ҳисоби бўйича қўшиш ва айириш китоби” бўлиб, унда буюк аждодимиз арифметик амалларни ҳинд усулига кўра, баён этиб берган ва шу тариқа ўнлик саноқ тизими олдинига Ўрта ва Яқин Шарққа, сўнг Европага — бутун оламга тарқалган.

Биз ўнлик саноқ тизими, алгоритм ва алгебра асосчиси деб биладиган юртдошимизнинг яна бир катта хизмати бор: у илк бор география ни иқлимлар назариясига асослантириб берган. Кишилик тарихининг ўрта асрлар босқичида география фани бўйича яратилган биринчи илмий асар — “Ер харитаси” (“Сурат ал-арз”) ҳам унинг қаламига тегишли. Ернинг маъмур қисмини иқлим минтақалари бўйича ўрганишни бошлаб берган улуғ бобомиз Марказий Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистонни ёнма-ён иқлимларга жойлаштирган. Кейинги асрлар гео граф олимлари ҳам айнан у асос солган етти иқлим тизимида изланишлар олиб борган.

Марказий ва Жанубий Осиё муносабатлари ҳақида сўз кетганда, XIII асрдан Шимолий Ҳиндистонда фаолият юрита бошлаган, туркий сулолалар асос солган Деҳли султонлигини эслашга тўғри келади. Мўғуллар босқинини биринчи бўлиб қарши олган Туркистоннинг кўплаб арбоблари, олиму фозиллари, санъат ва ҳунар аҳли Ҳинд ўлкасига кетишга мажбур бўлган. Бу пайтда султонликни бошқариб келаётган ва асли бухоролик бўлмиш машҳур Шамсиддин Элтутмиш (1211-1236) уларга бошпана берган. Эндиликда бутун дунёга танилган, Жаҳон маданий мероси объекти сифатида ЮНЕСКО ҳимоясига олинган, бўйи 72,6 метрли Қутб минорнинг Деҳлида қад кўтаришида унинг хизматлари жуда катта бўлган.

Кейинги йилларда ҳам туркистонлик, хуросонликлар мўғуллар дастидан қочиб, Ҳиндистонга келган. Улар мазкур юртга хизмат қилган, сиёсий, илмий-маданий турмушида ғайрат кўрсатган. Улар орасида 1172 йили Бухорода туғилган Муҳаммад Авфийни эсламаслик мумкин эмас. Энг қадимдан ўз замонасигача яшаб ўтган форс тилли шоирларга бағишланган илк тазкирани айнан у тузган.

Шамсиддин Элтутмиш асли лочин уруғидан бўлмиш кешлик амир Сайфиддин Маҳмудни ҳам илиқ қабул қилиб, ғамхўрлик кўрсатган. Ҳинд ва форс адабиётининг йирик вакили, адабиёт, тарих, чолғуга оид юзга яқин асар яратган Хисрав Деҳлавий (1253-1325) унинг ўғли бўлади. “Ҳинд овози” эътирофига сазовор бўлган шоир ўзини “ҳинд турки” деб билган.

Унинг “Хамса”си кишилик сўз санъатининг дурдоналаридан бўлиб, ривоятларга кўра, эндиликда бутун дунёга машҳур “Ситор” чолғусини айнан у ихтиро қилган.

Деҳли султонлиги саройида фаолият кўрсатган яна бир таниқли туркистонлик — Бадриддин Чочий. Нисбасидан кўринадики, у чочлик, яъни тошкентлик эди. Малик уш-шуаро унвонига эришган юртдошимиз ижоди ўта юқори баҳоланган ва замона фахри, дея улуғланган.

Ўзбек-ҳинд алоқалари темурийлар даврида янада ривож топганини айтиш лозим. Сўз кетаётган йилларнинг таниқли тарихчиси Абдураззоқ Самарқандий элчилик маҳоратига ҳам эга эди. Бўлмаса, Шоҳруҳ уни Бенгалия ҳукмдори ҳузурига жўнатмасди. 1442-1445 йилларда давом этган мазкур сафар чоғида Жанубий Ҳиндистонга оид кўплаб ва турли-туман маълумотлар тўпланган, энг муҳими, маҳаллий сиёсий доиралар билан яқин ва ишончли алоқалар ўрнатилган.

Алишер Навоий ҳам Ҳинд ўлкасига бефарқ бўлмаган. Унинг ҳинд ҳукмдорлари билан самимий ва дўстона ёзишмалари бор. Улуғ ўзбек шоири Хисрав Деҳлавийни ғоят ҳурмат қилган. Унинг ғазалларига ўхшатмалар битган, хамсачиликда ундан қувват олганини алоҳида таъкидлаган.

Ўзбек-ҳинд халқлари ўртасидаги борди-келдилар давлатимизга шайбонийлар, аштархонийлар ҳукмронлик қилган асрларда ҳам изчил давом этган. Тақдир тақозоси билан худди шу даврда Ҳиндистон давлати бошқаруви бошқа бир ўзбек сулоласи — бобурийлар қўлида эди.

Ўзбекистонни, умуман, Марказий Осиёни Покистон ва Ҳиндистон билан қаттиқ боғлаб турадиган омил — бу бобурийларнинг 330 йиллик фаолияти, албатта. Айнан мазкур босқичда сиёсат, иқтисодиёт, илм-фан, адабиёт, санъат, қурилиш соҳаларида юз берган тарихий ўзгаришлар, эришилган ютуқлар ҳиндистонлик ва покистонликларнинг бугунги авлодлари томонидан фахр билан тилга олинади.

Деҳли, Жайпурда қурилган расадхоналар, туркий, форсий, урду тилларида яратилган юксак шеърият, адабиётшуносликка оид қимматли асарлар, “Бобурнома”, “Ҳумоюннома”, “Акбарнома”, “Тузуки Жаҳонгирий”. “Шоҳжаҳоннома” сингари машҳур тарихлар Марказий Осиё ва Жанубий Осиё халқларининггина эмас, бутун оламнинг бой меросига айланди.

Ҳиндистонда рассомлик ривожида бобурийлар миниатюра мактабининг ўз ўрни бўлган. Камолиддин Беҳзоднинг шогирдлари термизлик Мирсаййид Али ва Хожа Абдусамад бошчилигидаги гуруҳлар турли мавзу ва йўналишларда ижод қилган. Кейинчалик уларнинг ишини туркистонлик Фаррухбек, Муҳаммад Мурод Самарқандий, Муҳаммад Нодир Самарқандий, Оқо Ризо Бухорий давом эттириб, “Бобурнома”, “Зафарнома”, “Акбарнома”, “Жоме ат-таворих” каби ўнлаб асарларга нафис миниатюралар чизганлар.

Бобурийларнинг қурилиш соҳасидаги ишлари Ҳиндистон ва Покистон халқлари учун ўчмас из қолдирган. Маҳаллий меъморлардан ташқари Туркистон, Эрон, Туркиядан чақирилган муҳандис ва усталар саъй-ҳаракати билан бунёд этилган Тожмаҳал, Баланд дарвоза, Олтин ибодатхона, Говиндадева ибодатхонаси, Ҳумоюн, Акбар мақбаралари, Фотиҳпур Сикри, Ажмир, Оллоҳобод қалъалари, Аградаги Лаъл қалъаси эндиликда жаҳон маданияти намуналари сифатида эътироф этилади.

Улуғ аждодимиз Муҳаммад Хоразмийнинг ноёб асари — “Хоразмий зижи” билан боғлиқ бир масалага тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Унда аллома томонидан марказий меридиан сифатида Узайн меридиани (Узайн қуббаси) танланган бўлиб, у Ҳиндистондаги ҳозирги Ужайн — ҳиндуийликнинг етти муқаддас шаҳарларидан бирига тўғри келади. Мазкур асар инглиз файласуфи Аделард Бат (1080-1160) ва италиялик математик, астроном Герардо Кремонезе (1114- 1187) томонидан европа тилларига ўгирилиш пайтида Узайн ( (أزئنАринга (أرئن (ўзгариб кетган. Энг қизиғи, Христофор Колумб Арин меридиани ҳақида фаранг роҳиби Питер Дайининг (1350- 1425) 1410 йили битилиб, 1480-1487 йилларда чоп этилган “Ер юзи” (“Imago Mundi”) асари орқали танишган. Шу тариқа, унда Ернинг ноксимон экани ва ғарбий ярим шарда ҳам Арин меридианига қарама-қарши меридиан бўлиши мумкинлиги ҳақида тасаввур ҳосил бўлган.

Умуман айтганда, Шарқ учун Ер юзи обод бўлагининг чеккаси саналиб келган Европа Осиёнинг қатор кашфиётчи олимлари, айниқса, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Улуғбек, Али Қушчи сингари улуғ алломаларимизнинг математика, астрономия, географияга оид илмий меросидан баҳраманд бўлибгина қолмай, ўзининг сиёсий, иқтисодий интилишларида ундан унумли фойдаланишни ҳам эплаган.

Ижтимоий-сиёсий, айниқса, илм-фан, таълим, маданиятдек онгни тарбияловчи соҳаларга сингдириб юборилган “Буюк жуғрофий кашфиётлар”, “Янги денгиз йўлларининг очилиши” аслида XV-XIX асрларда юз берган, Африка, Америка, Осиё, Австралияни эгаллаш, у ерлардаги табиий бойликларни аёвсиз талашдан иборат беш юз йиллик бўлганини биров тан олади, биров эса йўқ. Эндиликда барчага яхши таниш “геосиёсат” тушунчаси ҳам айнан XIX аср охири — XX аср бошларига тўғри келгани бежиз эмас, деб ўйлаймиз. Негаки, ушбу паллага келиб, Европанинг айрим давлатлари ўзидан ташқаридаги қитъаларни асосан бўлишиб бўлгандилар, буёғи эса мазкур жуғрофий кенгликлар устидан назоратни самарали ташкил этишга боғлиқ бўлиб қолганди.

Марказий ва Жанубий осиё муносабатлари ҳақида сўз кетганда, XIII асрдан шимолий ҳиндистонда фаолиЯт юрита бошлаган, туркий сулолалар асос солган деҳли султонлигини эслашга тўғри келади. мўғуллар босқинини биринчи бўлиб қарши олган туркистоннинг кўплаб арбоблари, олиму фозиллари, санъат ва ҳунар аҳли ҳинд ўлкасига кетишга маЖбур бўлган. бу пайтда султонликни бошқариб келаётган ва асли буХоролик бўлмиш машҳур шамсиддин элтутмиш (1211-1236) уларга бошпана берган. эндиликда бутун дунёга танилган, Жаҳон маданий мероси объекти сифатида юнеско ҳимоЯсига олинган, бўйи 72,6 метрли қутб минорнинг деҳлида қад кўтаришида унинг Хизматлари Жуда катта бўлган.

XIX асрга келиб Туркистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон Россия ва Британия империялари мустамлакаларига, “Катта ўйин” (“Great (Grand) game”) қурбонларига айланди. Қирқ икки йил бурун бошланган афғон можароси эса, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, аввало, Афғонистон учун битмас яра бўлиб келмоқда. Шунга қарамай, бир неча минг йиллар ичра у ёки бу даражада биргаликда кечган тарихий-маданий тараққиётимизда яхши замонлар, натижалар ёмонларидан кўпроқ бўлгани ҳам ҳақиқатдир.

Энг қадимги замонлардан ўз қараш ва анъаналарига эга улкан минтақа тарих ғилдирагининг барча синовларига дош бериб, ўз йўлидан қайтмай келаётир. Яъни ташқи кучлар қанчалик катта имкониятга эга бўлмасин, Марказий ва Жанубий Осиёнинг тақдири шу ерлик халқларнинг ўз қўлида бўлиб келган. Айнан мазкур омил шарофати билан ХХ аср ўрталарида Ҳиндистон ва Покистон истиқлолга эришди, аср охирларида эса, Марказий Осиё мустақил бўлди. Жафокаш афғон жамияти ҳам ўта оғир ва мураккаб вазиятда ўзлигини сақлаб келмоқда.

Ота-боболаримиз “Қазисан, қартасан, асли зотингга тортасан”, деб бежиз айтмаган. Негаки, илдизлар барибир ўзига тортади. Улкан минтақанинг уч минг йиллик ўтмишига қисқача назар эса, тортиш кучи асрлар давомида оқиллик ва билимдонликдан озуқланганини исботламоқда. Ушбу икки омилга таяниб яшашни бошлаган ўзбек давлати ва жамияти ғоят қисқа вақт — салкам беш йилда кўпчилик кутмаган тарихий натижаларга эришаётган экан, демак, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ҳам бундан кейинги ютуқлари оқиллик ва билимдонликка боғлиқ бўлиши шубҳасиз.

Азамат Зиё,

тарих фанлари доктори, профессор

Мавзуга оид