s
USD: Rub: Eur:
2025-04-14 988

Ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 14-моддаси биринчи қисмига кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин.

Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасига асосан ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддасида ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланиши лозимлиги,
1022-моддасида маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъий назар қопланиши белгиланган.

Демак, Конституция ва қонунда белгиланган ушбу қоидаларга асосан даъвогарнинг моддий ва маънавий зарар ундириш ҳуқуқи кафолатланган.

В.Ф 2021 йил 06 сентябрь куни соат 10-50да “O’zbektelekom” АКга тегишли бўлган, “Ласеети” русумли автомашинасини бошқариб бориб, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаганлиги оқибатида даъвогар С.Анинг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина билан тўқнашиб, йўл транспорт ходисаси содир қилган.

Ҳуқуқбузарлик натижасида “Нексия” русумли автомашинага зарар етказилган ва С.А тан жароҳат олган.

А.С йўл транспорт ҳодисаси натижасида автомашинанинг қиймати 4.807.000 сўмга камайганлигини, жаррохлик амалиёти учун 2.885.643 сўм, автомашина жарима майдонида сақловда турганлиги учун 220.000 сўм, автомашинасини қайта баҳолатганлиги учун 818.000 сўм, адвокат хизматидан фойдаланганлик учун 600.000 сўм харажат қилганлигини, маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида маънавий зарар кўрганлигини, маънавий зарарни 50.000.000 сўм деб белгилашини билдириб, судда даъво қўзғаган ва жавобгардан етказилган моддий ва маънавий зарарларни ўзининг фойдасига ундириб беришни сўраган.

Фуқаролик кодексининг 989-моддасига асосан, юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни қоплайди.

Бундай ҳолатда В.Фнинг етказган зарари бўйича жавобгарлик “O’zbektelekom” АК зиммасига юклатилади.

Қонун талабларидан келиб чиқиб, суднинг қарори билан С.Анинг ҳуқуқлари тикланиб, “O’zbektelekom” АК дан даъвогар С.Анинг фойдасига йўл транспорт ходисаси натижасида автотранспорт воситасига етказилган зарар таркибига кирувчи товар қийматини йўқотилишининг якуний бозор қиймати 4 807 000 сўм, “ESTIMATION STANDART” МЧЖга баҳолаш хизмати учун тўланган 450.000 сўм, “Mezon baxolash” МЧЖга бахолаш хизмати учун тўланган 368.000 сўм, экспертиза ҳаражати учун 544.000 сўм, адвокат ҳизматидан фойдаланганлиги учун тўланган 1.120.000 сўм, ҳуқуқбузарлик натижасида автомашина жарима майдонида сақланганлиги учун тўланган 220.000 сўм, давлат божи ва почта ҳаражати учун тўланган 1.534.000 сўм ва маънавий зарар учун 5.000.000 сўм, жами 14.043.000 сўм ундириб берилди.

 

 

Хоразм вилоят судининг судьяси

Исаков Зафарбек Баходирович

 

 

Мавзуга оид