s
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 3-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Конституциясигамувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.
Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли.
Судга мурожаатларнинг ошиши қайсики маънода фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги тушунчаларининг ошганлиги деб ўйласак, аммо айрим ҳолларда фуқаролар қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушуниб, тушунмасликка олиши, қонунларга нисбатан ҳурматсизлик кайфиятида бўлишларини англатади.
Мисол тариқасида бир фуқаролик ишини таҳлил қиладиган бўлсак.
Аризачи А.исмли фуқаро турмуш ўртоғи Б.га нисбатан ўрталарида турмушлари давомида туғилган икки нафар вояга етмаган болалари таъминоти учун алимент ундириш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилган.
Суд томонидан А.нинг аризаси кўриб чиқилиб, икки нафар вояга етмаган болалари таъминоти учун турмуш ўртоғи Б.нинг иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдоридаА.нинг фойдасига алимент ундириш ҳақида суд буйруғи қабул қилинди.
Қонун талабига кўра мазкур қабул қилинган суд буйруғи суд томонидан қарздор, яъни Б.нинг яшаш манзили бўйича дарҳол юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 181-моддасига кўра қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиб, бу ҳақда ажрим чиқаради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчига ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.
Ушбу қонун талабидан келиб чиққан ҳолда қарздор томонидан суд буйруғига нисбатан келтирилган эътироз қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилиб, суд томонидан суд буйруғини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқарилади.
Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради.
Шундан кейин аризачи А.вояга етмаган болалари таъминоти учун Б.га нисбатан иккинчи маротаба даъво иши юритиш тартибида мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Суд томонидан даъвогар А.нинг турмуш ўртоғи Б.га нисбатан вояга етмаган болалари таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантирилиб, даъвогар А.нинг фойдасига дастлаб алимент ундириш ҳақида талаб қўйган вақтдан бошлаб алимент ундирилади.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 136-моддаси учинчи қисмида алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилиши белгиланган.
Мазкур тоифадаги ишлар юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорларига нисбатан келтирилган апелляция шикоятларини кўриш жараёнида шикоят берувчи шахслар ундирилаётган алимент миқдори даъвогарнинг ўзи учун ундирилишини таъкидлашади, ваҳоланки қонун талабига кўра алимент бола таъминоти учун унинг бола кимнинг қарамоғида бўлса (ота-она ёки васий) шахснинг фойдасига ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддаси биринчи қисмига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Фуқаролар томонидан юқоридаги қонун талабига риоя қилмасдан юқорида келтириб ўтилган қонун талабига зид равишда ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга оширилиши жараёнида тегишли ташкилотлар томонидан огоҳлантиришларга қарамасдан қурилиш ишларини давом эттирилади.
Ушбу ҳолат кейинчалик тегишли давлат ташкилотлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш юзасидан судларга киритилаётган даъво аризалар сонини ортишига сабаб бўлади.
Ғайбулла Мирзаев, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси