s
USD: Rub: Eur:
2025-12-04 231

Меҳнат низолари: қонуний ҳал етиш йўллари

 

         Иш берувчи ва ходим ўртасида ёхуд ходимлар (уларнинг вакиллари) ва иш берувчилар (уларнинг вакиллари) ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш масалалари бўйича, шунингдек янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд меҳнат шартларини ўзгартириш масалалари бўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар меҳнат низоларидир.

 

Меҳнат низоларининг турлари:

Иш берувчи ва ходим ўртасидаги қуйидаги масалалар бўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар якка тартибдаги меҳнат низоларидир:

  • меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, меҳнат шартномасини қўллаш;
  • ходим учун якка тартибдаги янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд якка тартибдаги меҳнат шартларини (шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлашни) ўзгартириш.

Якка тартибдаги меҳнат низоларига қуйидаги низолар ҳам киради:

  • иш берувчи ва мазкур иш берувчи билан илгари меҳнатга оид муносабатларда бўлган шахс ўртасидаги низо;
  • иш берувчи ва мазкур иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузиш истагини билдирган шахс ўртасидаги низо, агар иш берувчи ушбу шахсни ишга қабул қилишни рад этган бўлса.

Ходимлар (уларнинг вакиллари) ва иш берувчилар (уларнинг вакиллари) ўртасидаги:

  • янги меҳнат шартларини белгилаш ёки мавжуд меҳнат шартларини (шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлашни) ўзгартириш масалалари бўйича;
  • жамоа келишувларини, жамоа шартномасини, шунингдек қонунчиликка мувофиқ ходимларнинг вакиллари билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни тузиш ва ўзгартириш масалалари бўйича;
  • меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини қўллаш масалалари бўйича тартибга солинмаган келишмовчиликлар жамоавий меҳнат низоларидир.

 

Шикоят билан иш берувчига мурожаат қилиш тартиби:

Низонинг энг тезкор ва оддий ечими ҳисобланади.

Илк қадам — иш берувчига ёзма мурожаат. Аниқ баён этилган талаб ва ҳуқуқ бузилиши ҳолати билан кўп ҳолларда муаммони судгача ҳал қилиш имконини беради.

Ёзма мурожаатда қуйилагилар бўлиши шарт:

  • низонинг юзага келиш сабаблари;
  • ҳуқуқнинг қай тарзда бузилганлиги ҳолати;
  • ходимнинг аниқ талаблари;
  • далиллар (буйруқлар, ҳисоботлар ва ҳ.к.).

Иш берувчи аризани одатда 15–30 кун ичида кўриб чиқиб, расмий жавоб бериши лозим.

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг функцияси нималардан иборат?

Кўп корхоналарда Меҳнат низолари бўйича комиссия (МНК) фаолият юритади. Унинг афзаллиги — томонларнинг тенг вакиллари асосида низони холис кўриб чиқишида намоён бўлади.

Қуйидагилар комиссия ишининг асосий тартиби ҳисобланади:

  • ходим 3 ой ичида ариза билан мурожаат қилади;
  • комиссия 10 кун ичида ишни кўриб чиқади;
  • қарор икки томон учун ҳам мажбурий;
  • норози томон судга мурожаат қилиши мумкин.

Меҳнат низолари бўйича комиссия (МНК) – бу судгача бўлган муҳим ва тезкор босқичдир.

Судга мурожаат қилиш тартиби: (Фуқароликми ёки иқтисодийми?)

Меҳнат низолари — жисмоний шахс (ходим) ва иш берувчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабат. Шунинг учун улар фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади.

Иқтисодий суд фақат юридик шахслар ўртасидаги хўжалик-тизим низоларини кўради, шу сабаб меҳнат низолари ушбу судга тааллуқли эмас.

Судга мурожаат муддатлари:

  • ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой;
  • ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича — иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил;
  • бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой.

Ходимнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича, шунингдек ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги низолар бўйича судга мурожаат этиш муддати белгиланмайди.

Суд бузилган ҳуқуқни тиклаш, ишга қайта тиклаш, етказилган зарарни ундириш ҳақида қарор чиқариши мумкин.

Медиация тартиб-таомилини қўллаш тартиби:

Низони судсиз, тез ва самарали ҳал қилиш усули ҳисобланади.

Медиация – томонларни келишувга олиб келувчи, ихтиёрий ва тезкор жараёндир. У меҳнат низоларида кенг қўлланмоқда. Меҳнат шартномасини бекор қилиш таърифини медиатив келишув тузиш билан ўзгартириб, судда ижобий натижага эришиш мумкин.

Медиациянинг афзалликлари:

  • нисбатан тез (одатда 30 кунгача);
  • ижтимоий муносабатлар бузилмасдан ҳал этилади;
  • суд харажатлари йўқ;
  • келишув қонуний кучга эга.

Бугунги кунда кўплаб корхоналарда низолар айнан шу йўл билан ҳал этилмоқда. Меҳнат низосининг қайси йўл билан ҳал этилиши ходимнинг талабига, низо хусусиятига ва далиллар етарлилигига боғлиқ.

Хоразм вилоят суди судья катта ёрдамчиси Хўжаниёзов Умидбек

Мавзуга оид