s
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган бўлиб, бугунги кунда унинг қабул қилинганига 33 йил тўлмоқда. Ушбу сана нафақат давлатимиз тарихида, балки ҳар бир фуқаро ҳаётида беқиёс аҳамиятга эга. Чунки Конституция — мамлакатнинг бош Қонуни, жамият ва давлат қурилишининг асосий тамойилларини белгилаб берувчи ҳужжатдир.
Конституция мустақилликнинг дастлабки босқичида, мураккаб сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар даврида ишлаб чиқилган бўлса-да, у ўзида халқимизнинг асрий орзу-умидлари, эркин ва фаровон ҳаётга интилишларини мужассам этган. Унда Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида ривожланиш йўли аниқ белгилаб берилган.
Конституциянинг энг муҳим жиҳатларидан бири — унда инсон ва унинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари олий қадрият сифатида эътироф этилганидир. Ҳар бир фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари давлат ҳимоясига олинади. Бу тамойил бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳам марказида туради.
Йиллар давомида Конституциямиз ҳаёт синовидан муваффақиятли ўтиб, замон талаблари асосида тараққий этиб бормоқда. Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Асосий қонунга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ўзгаришлар демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон манфаатларини янада кучли ҳимоя қилишга қаратилган.
8-декабр — Конституция куни байрами бугун халқимиз томонидан қадрлаб нишонланади. Таълим муассасаларида турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва конференциялар ўтказилади. Ушбу тадбирларнинг барчаси юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг конституциявий билим ва маданиятини оширишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Конституцияси нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки халқимизнинг иродаси ва келажакка бўлган ишончининг рамзидир. У давлатимизнинг барқарор ривожланишида, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Конституцияни чуқур ўрганиш ва унга ҳурмат руҳида яшаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Хоразм вилоят маъмурий суди
судья катта ёрдамчиси
Абдуллаев Камоладдин Шуҳрат ўғли