s
Она табиатни асраб-авайлаш, уни муҳофаза қилиш ҳамда табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш кундан-кунга долзарб масала бўлиб бормоқда.
Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурлиги белгиланган.
Бундан ташқари, табиатни асраб-авайлаш ва уни муҳофаза қилиш мақсадида кенг қамровли ишлар бажарилди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, айрим шахслар томонидан дарахтларни ноқонуний равишда кесиб, табиатга зарар етказиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Бу ҳаракатлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлиши бирга айбдор шахслардан табиатга етказилган зарарларни ҳам ундирилишига асос бўлади.
Хусусан, зарар миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш билан уларга етказилган зарарни ундириш миқдорлари”га асосан аниқланиб, суд қарорига асосан ундирилади.
Бу юзасидан судларда кўплаб ишлар кўрилмоқда, шулардан бирини мисол сифатида кўрсатиш мумкин.
Фуқаро Э.Ахмедов (суд ишидаги исм фамилия ўзгартириб кўрсатилмоқда) Қорақалпоғистон Республикаси, Кегейли тумани ҳудудидаги давлат захира ер майдонида ўсиб турган 2 дона қимматбаҳо туранғил дарахтини рухсатсиз ноқонуний равишда кесиб, табиатга зарар етказган.
Бу ҳаракатлари учун фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган ва 9 375 000 сўм жарима жазоси белгиланган.
Бундан ташқари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиб, Э.Ахмедовдан табиатга етказилган 7 500 000 сўм зарарни ундиришни сўраган.
Суднинг 2025 йил 11 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган ва Э.Ахмедовдан 7 500 000 сўм зарар ундириш белгиланган.
Мухтасар қилиб айтганда, табиатни асраш барчамизнинг бурчимиз бўлиб, табиатга нисбатан қилинган ғайриқонуний ҳаракатлар учун жазо қўлланиши муқаррардир.
А.Рахимов, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг раиси