s
USD: Rub: Eur:
2021-11-13 799

Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир

Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

                                      Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 37-модда

 

Ҳуқуқий-демократик давлатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг тўла таъминланиши, қонунларнинг устиворлиги ва барчанинг қонун олдида тенглиги кафолатланади. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида Республикамизда олиб борилаётган ислоҳатларзамирида ҳам ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш устивор вазифа қилиб белгиланган. Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқиладиган низолар турли ижтимоий муносабатларга зарар етказилиши натижасида ҳуқуқ нормаларининг бузилаётганлигидан дарак беради.

Табиийки, ўзининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказилган ҳолларда шахслар суд ва бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар ёрдамига ўзларининг бузилган ҳуқуқларини тиклашга, манфаатларини ҳимоя қилишга интиладилар. Айни шу каби масалалар меҳнат-ҳуқуқий муносабатларида ҳам кўзга ташланади.

Меҳнат низолари — иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат-ҳуқуқий муносабатларини тартибга солувчи қонун ва қонуности норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат қилиш шартларининг бузилиши юзасидан келиб чиққан келишмовчиликладир. Низолашувчи тарафлар сифатида иш берувчи ва ходим ушбу муносабатларнинг тўғридан-тўғри иштирокчилари саналса-да, бундан ташқари тарафлар манфаатларини ифода этадиган, ҳусусан ходим манфаатини ифода этувчи касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари ҳам иштирок этиши мумкин.

Меҳнат кодексининг 260-моддасида кўрсатилганидек, меҳнат низолари бўйича ходим меҳнат низолари комиссиясига ёки бевосита туман (шаҳар) судларига мурожаат этишга ҳақлидир. Меҳнат низолари комиссияси ўн кунлик муддат ичида меҳнат низосини кўриб чиқмаса ёки ҳал этмаса, манфаатдор ходим ушбу низони кўришни туман (шаҳар) судига ўтказишга ҳақлидир (Меҳнат кодексининг 267-моддаси). Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 269-моддасида назарда тутилган низолар бевосита туман (шаҳар) судларига тегишлидир.

Тўғридан-тўғри меҳнат низоларини судда кўриш асослари сифатида,

— агар ходимнинг иш жойида меҳнат низолари комиссияси тузилмаган бўлса;

— улар меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан қатъи назар, ишга тиклаш тўғрисида, меҳнат шартномасини бекор қилиш вақти ва асослари таърифини ўзгартириш тўғрисида, мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган ишни бажарган вақт учун ҳақ тўлашга доир бўлса;

— улар ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг тўланиши ҳақида бўлса;

— улар меҳнат вазифаларини бажараётганда ходимнинг соғлиғига шикаст етказилгани оқибатидаги зарарни (шу жумладан маънавий зарарни) ёки унинг мол-мулкига етказилган зарарни ишберувчи томонидан тўланиши ҳақида бўлса;

— ЎзР Меҳнат кодекси 78-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ишга қабул қилиш рад этилганлиги ҳақида бўлса;

— улар иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан олдиндан келишиб ҳал этилган масалалар юзасидан келиб чиққан бўлса.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 270-моддасига мувофиқ ходим ёки иш берувчи қуйидаги муддатларда ўзининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашни сўраб судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат қилишлари мумкин:

— ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой;

— ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича — зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил;

— бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.

— ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплашга доир низолар бўйича судга мурожаат қилиш учун муддат белгиланмайди.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, мамлакатимиз қонунчилиги ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг пировард натижаси олий қадрият сифатида қараладиган инсон ҳуқуқларининг биринчи ўринга қўйилиши яна шунда намоён бўладики, меҳнатга оид низоларни судда кўришда бир қатор ўзига ҳос процессул ҳусусиятлари билан ажралиб туради.

Яъники, даъвогарнинг давлат божидан озод қилиниши, процессуал ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилмаслигида (масалан, ишга тиклашда), меҳнат низолари даъво тартибида ёки буйруқ тартибида кўрилиши мумкин, меҳнат низоларини қисқа муддатда кўрилиш (ЎзР Фуқаролик процессуал кодексининг 131-моддаси), меҳнат низолари бўйича суд ҳал қилув қарори дарҳол ижро этилиши (ЎзР Фуқаролик процессуал кодексининг 219-моддаси), меҳнат низолари бўйича суд ҳал қилув қарори қайтарма ижрога йўл қўйилмаслиги (ЎзР Фуқаролик процессуал кодексининг 385-моддаси), меҳнат низолари бўйича вояга етмаган шахснинг судга мурожаат қилиши белгиланган. Бу ҳам албатта мазкур соҳада қонун бузилиши ҳолларига сабаб бўлган ҳар қандай кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликларни тезда бартараф этишга хизмат қилади албатта.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда меҳнат қилиш эркинлиги, бирон бир фаолият билан шуғулланиш, эркин касб танлаш ва меҳнатни мухофаза қилиш борасида қонунчилигимизда тўла қонли кафолатлар яратилган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Урганч туманлараро суди судьяси                                                Ж.З.Матниязов

Мавзуга оид