s
USD: Rub: Eur:
2024-11-29 783

Коррупция тараққиёт кушандаси

Бугунги даврда ривожланиб бораётган, бутун жаҳон ҳамжамияти вакилларини тобора ташвишга  солаётган “коррупция”  жамият  хавфсизлиги  ва  барқарорлиги,  иқтисодий, сиёсий, ижтимоий- маданий ривожланиши ва мамлакатнинг тараққиёт ривожига тўсқинлик қилаётган  иллатлардан  биридир.  Коррупция  билан  боғлиқ  муаммоларнинг  кенг  талқин қилиниши  ва  ҳуқуқни  муҳофаза  қилиш  органлари  фаолиятида  коррупсияга  қарши курашишга қаратилган ислоҳотларнинг кучайтирилишига қарамай ушбу жиноятни илдиз отиб  бориши,  унинг  моҳиятини  янада  чуқурроқ  таҳлил  қилиш  ва  келиб  чиқиш сабабларини  янада  кенгроқ  ўрганишга  чорлайди.  Коррупцияга  оид  жиноятлар ҳукумат вакилларининг жамият олдидаги обрўсига путур етказибгина қолмай, сиёсий, ижтимоий,  иқтисодий  муносабатларнинг  изчил  олиб  борилишида  ҳам  анчагина муаммоларни туғдириши мумкин.

Коррупция кўплаб давлатларнинг жиноят ва маъмурий қонунчилиги билан кўп ҳолларда бу атама сиёсий элитадаги бюрократик аппаратга қарата ҳуқуққа қарши ҳаракат сифатида таъқиб қилинади. Коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупсиянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди. Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлатнинг обрўсига жуда қаттиқ путур етказарди. Дунёнинг етакчи динларида ҳам биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ қораланади. Жумладан, Инжилда “Совғаларни қабул қилма, чунки совға кўрни кўрадиган қилади ва ҳақиқатни ўзгартиради” дейилган бўлса, Қуърони Каримда “Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар” дейилган.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.Коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришган Шветсия, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупсияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупсияга қарши курашда муҳим ўрин эгаллайди.Хусусан,  Германия  ва  Австрия тажрибаси  ҳам  коррупцияга  қарши  курашишда  маҳаллий  тузилмаларнинг  муҳим  рол ўйнашини кўрсатади. Германиянинг давлат аппаратида коррупсияга қарши курашиш тизимининг  асосий  бўғини  сифатида  коррупсияга  қарши  курашиш  бўйича  махсус бўлинмалардир.  Австрияда  коррупсияга  қарши  курашиш  билан  махсус  прокуратура шуғулланади. Бунда Конституциявий назорат органлари, ҳуқуқ-тартибот органларининг аҳамияти ортади. Яъни, коррупсияга олиб келиши мумкин бўлган нормаларни конституциявий назорат органи томонидан конституцияга зид деб топиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби методлардан унумли фойдаланиш ушбу давлатларни коррупсия даражаси жуда паст бўлган давлатлар қаторига олиб чиққан.                                                                                             
Ўзбекистон  Республикаси  Президенти  Ш.Мирзиёевнинг 
2020-йили  Олий  Мажлисга Мурожаатномасида  “Ҳалоллик  Вакцинаси“  ва  коррупсияга  қарши  курашиш органлигининг  тузилиши  кераклиги  айтилди.  Жамият  ва  мамлакат  турмушининг  барча жабҳаларида  коррупсиянинг  олдини  олиш  ва  унга  қарши  курашишга  қаратилган сиёсатнинг  самарасини  ошириш  мақсадида  Ўзбекистон  Республикаси  Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил қилинди. Ушбу агентлик Президентга бўйсунуши ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобот бериши белгиланди.
Хулоса қилиб  айтганда,  бугунги  кунда  коррупсияга  қарши  курашишда  самарали натижага  эришиш  учун  жамиятимизнинг  қуйи  қатламидан  “коррупсия-ёмон  иллат” эканлиги,  шу  билан  бирга  “ҳуқуқий  онг  ва  ҳуқуқий  маданият”  тушунчаси тўғрисида  етарлича  маълумот  бериб боришимиз лозим. Биз  бунда албатта,  барчамиз фойдаланадиган  ижтимоий  тармоқлардан  кенг  равишда   фойдаланишимиз  мумкин. Ортиқча қонунлардан  воз кечган  ҳолда  аҳоли  билан биргаликда коррупсияга қарши курашиш тизимида ягона қонунчилик тизимини яратишимиз лозим бўлади. Президентимиз айтганидек,  “Жамиятимизда коррупция турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жоноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисида қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришни тақазо этмоқда”.

         Шаҳзод Абдуллаев, Хоразм вилоят судининг судья ёрдамчиси

Мавзуга оид