s
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда уларга эркин фаолият юритиши учун барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада юртимизда тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Энг муҳими, тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган эзгу ишлар жамиятимиз тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда “20 август куни” тадбиркорлар куни сифатида белгиланди ва ҳар йили шу куни давлат раҳбари тадбиркорлар билан бевосита мулоқот ўтказиб, уларнинг муаммолари, ҳал этиш йўллари, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинади. Энг муҳими, тадбиркорлар олдида турган муаммоларни ҳал этишнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинади.
Булардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2022 йил 21 январдаги “Республика судларининг 2021 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари ҳамда 2021 йилда суд ҳокимияти органларини молиявий, моддий-техник таъминлаш борасида амалга оширган ишлари тўғрисида”ги РС-01-22-сонли қарорининг 20-бандига асосан ҳафтанинг ҳар жума куни “Тадбиркорлар куни” деб белгилаб қўйилди.
Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборатдир.
Хоразм вилоят маъмурий судлари томонидан 2024 йилнинг 3 ойи давомида 14 нафар тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.
Хусусан, аризачи “XORAZM METAN LYUKS GAZ” МЧЖнинг жавобгар Урганч шаҳар солиқ инспекциясининг 2023 йил 12 апрелдаги 20/1-07199-сонли қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси Урганч туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 15 мартдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, адолат мезони ҳаётий ҳақиқат эканлиги яна бир бор ўз исботини топди.
Бир сўз билан айтганда, қонунга мувофиқ тўғри ва ҳалол ишлаётган тадбиркорлар суд томонидан ҳимоя қилинмоқда.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун йўли билан ҳимоя қилиб, давлат томонидан кафолатланиши – жамият ва давлат ривожи, халқимизнинг осойишта ва фаровон турмуш-тарзи кечиришига замин яратади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалол тадбиркорлар мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш, замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизни иқтисодий ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига хизмат қилади.
Хоразм вилоят маъмурий
судининг судьяси Д.Юсупов