s
USD: Rub: Eur:
2025-12-23 638

Суднинг хусусий ажрими - қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий восита

 

Мамлакатимизда судларнинг асосий вазифаси — фуқароларнинг Конституция ва қонунларда, халқаро шартномаларда ҳамда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборат. Шу билан бирга, судлар жамиятда қонунга ва судга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби муҳим вазифаларни ҳам бажаради.

Шу вазифаларни амалга оширишда суд томонидан қўлланиладиган муҳим ҳуқуқий воситалардан бири — хусусий ажримдир. У орқали суд муайян ишни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига ёки жиноят содир этилишига имкон берган шарт-шароитларга муносабат билдириб, тегишли органлардан уларни бартараф этиш чораларини кўришни талаб қилади.

Хусусий ажримнинг қонунчиликдаги асосларига тўхталсак. Жиноят-процессуал кодекснинг 298-моддасига кўра, агар суд жиноятнинг сабаблари ва уни содир этишга имкон берган ҳолатларни аниқласа, хусусий ажрим чиқариш орқали давлат органлари ёки мансабдор шахсларга тегишли чоралар кўриш ҳақида талаб қўяди.

Бундай ажрим ёки суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан киритилган тақдимнома юборилган орган бир ой ичида кўрилган чоралар ҳақида хабар бериши шарт. Агар бу талаб бажарилмаса ёки виждонан амалга оширилмаса, айбдор шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Шунга алоҳида эътибор бериш керакки хусусий ажрим — мажбурий ижро этиладиган ҳужжат ҳисобланади. Суднинг хусусий ажрими ҳам бошқа суд ҳужжатлари каби барча давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 181-моддасига кўра, хусусий ажримни кўриб чиқмаслик ёки унда кўрсатилган чораларни кўрмаслик, шунингдек, ўз вақтида жавоб бермаслик учун мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилади.

Агар суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаш ҳолати маъмурий жазодан кейин ҳам давом этса, Жиноят кодексининг 232-моддасига асосан жиноий жавобгарлик қўлланилиши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки суднинг хусусий ажрими — қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва суд ҳокимияти обрўсини мустаҳкамлашда муҳим воситадир. У фақат ҳуқуқий таъсир чораси эмас, балки тарбиявий аҳамиятга эга бўлган амалий механизмдир.

Қисқаси, хусусий ажрим орқали судлар жамиятда қонунга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди, давлат ва жамоат ташкилотларининг масъулиятини оширади ҳамда қонун бузилишларига сабаб бўлаётган ҳолатларга барҳам беришга хизмат қилади.

Зафар Якубов, Хоразм вилоят судининг

жиноят ишлари бўйича судьяси

 

Мавзуга оид