s
Мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифалар ётади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар - тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилиб, тергов судьялари фаолият бошлади.
Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлаган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.
Тергов судьяси институти тарихига назар ташлайдиган бўлсак, у Франция тарихида чуқур илдизга эга бўлиб, давлат ва жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин тутган ҳамда ишни судга қадар юритишда тортишув принсипининг амал қилишини таъминлайдиган холис, мустақил институт сифатида намоён бўлган.
Бугунги кунда Бельгия, Греция, Ироқ, Испания, Голландия ва Хорватия давлатларида тергов судьялари лавозими бор. У Литва, Молдавия, Эстония, Латвия, Украина, Қозоғистон, Грузия ва Қирғизистонда ҳам жорий этилган.
Айтиш жоизки, амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаган ҳолда, иш бўйича барча ҳолатларнинг суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, асосли ва адолатли қарор қабул қилинишига ва фуқароларнинг судга бўлган ишончи ошишига хизмат қилади.
Юсупов Дилмурод Бахтиярович
Жиноят ишлари бўйича
Гурлан туман судининг тергов судьяси