s
USD: Rub: Eur:
2025-12-26 476

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: Зўравонликка қарши адолат қалқони

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: Зўравонликка қарши адолат қалқони

Болага нисбатан содир этилган ҳар қандай жиноят — бу келажакка қилинган хиёнатдир. Президентимизнинг “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони суд ва тергов жараёнларида болалар манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ қилишни назарда тутади. Масаланинг долзарблиги шундаки, зўравонликдан жабрланган бола тергов ва суд жараёнида иккинчи бор руҳий босимга учрамаслиги керак. Ушбу ҳужжат болани процессуал жараёнларнинг «қурбони» эмас, балки олий даражада ҳимояланган иштирокчисига айлантиради. Шу сабабли суд-ҳуқуқ тизимида болалар манфаатлари устувор этиб белгиланмоқда

Фармоннинг 4-бандида ҳуқуқий кафолатларнинг янги тизимини кўриш мумкин. Унга кўра 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб зўравонликдан жабрланган ёки гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан мажбурий юридик ёрдам кўрсатилади. Эндиликда адвокат хизмати боланинг ижтимоий аҳволидан қатъи назар давлат томонидан таъминланади.

Энг муҳим янгиликлардан бири — боланинг дастлабки кўрсатувларини мажбурий равишда видеоёзувга қайд этишдир. Бу болани такрорий сўроқлардан, жиноятчи билан юзма-юз келишдан ва руҳий азоблардан асрайди. Шунингдек, Фармон билан «хабар бермаганлик учун жавобгарлик» жорий этилмоқда. Яъни таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа ходимларининг масъулияти янада оширилиши назарда тутилди.

Эндиликда болаларга нисбатан зўравонлик фактларини билиб, хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Бу чора жамиятдаги «менинг ишим эмас» деган лоқайдликка чек қўйиб, ҳар бир фуқарони бола хавфсизлиги учун масъул қилади.

Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага жинсий зўравонлик ишлари доирасида бола ва айбланувчи ўртасида юзлаштириш ҳаракатини фақат ўта зарур ҳоллардагина ўтказиш тизимини яратиш топширилган. Бу чоралар жамиятда жазонинг муқаррарлигини таъминлаш билан бирга, болаларнинг қадр-қимматини юксак даражада ҳимоя қилади.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жазо муқаррарлиги ва процессуал адолатнинг таъминланиши — бу давлатнинг кучли иродаси ифодасидир. Ушбу Фармон болаларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини мутлақо янги ва сифатли босқичга кўтарди. Адолат қарор топган жамиятдагина болалар ўзларини чин маънода бахтли ҳис этадилар.

Акбар Аминов, Хоразм вилоят суди судьяси

 

Мавзуга оид