s
USD: Rub: Eur:
2025-12-23 696

Жиноят суд ишлари юритишда судьянинг дискрециявий ваколатлари: хорижий тажриба ва қиёсий-ҳуқуқий таҳлил

Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил амалга оширилаётган бир пайтда судья мустақиллигини таъминлаш, адолатли судловга эришиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Жиноят суд ишларини юритиш жараёнида судьянинг роли беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, судья нафақат қонун нормаларини қўллайди, балки уларни ҳаётий вазиятларга татбиқ этар экан, ушбу фаолиятда маълум маънода дискрециявий (эркин) ваколатлардан фойдаланади.

“Дискреция” тушунчаси ҳуқуқшуносликда қонун билан белгиланган доирада судьянинг мустақил равишда қарор қабул қилиш ҳуқуқини англатади. Бу эса бир тарафдан судья мустақиллигини таъминлашга шароит яратса, иккинчи тарафдан қонун устуворлиги ва адолатли судловни таъминлашда муайян муаммоларни келтириб чиқаради.

Жиноят-процессуал ҳуқуқида судьянинг дискрецияси айниқса муҳим, чунки у инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинларига бевосита даҳл қилади. Масалан, жазо тайинлашда енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни баҳолаш, жазо турини танлаш ёки процессуал чораларни қўллашда судьянинг шахсий хулосаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бироқ, дискрециядан фойдаланишдаги ноаниқликлар, турли судларда бир хил вазиятга турлича ёндашувлар мавжудлиги суд-ҳуқуқ амалиётида катта баҳсларга сабаб бўлмоқда.

          “Дискреция” атамаси лотинча “discretio”“фарқлаш, танлаш” сўзидан олинган бўлиб, муайян масалада судьянинг мустақил хулосаси ва ҳуқуқий баҳосини англатади. Жиноят суд ишларида бу тушунча судьянинг прцессуал ҳаракатларини амалга оширишдаги эркинлиги, шу билан бирга унинг қонуний чекловлар билан боғлиқлигини ифодалайди.

Дискреция қонун устуворлиги приципига зид эмас, балки уни амалга ошириш шаклларидан бири сифатида намоён бўлади. Чунки, қонунлар ҳар доим ҳам барча эҳтимолий вазиятларни тўлиқ қамраб олиш имконияти эга эмас. Шу боис судьянинг дискрецияси қонун нормаларини ҳаётий ҳолатларга татбиқ қилиш орқали адолатни таъминлашга хизмат қилади. Бироқ, бу эркинлик чекланмаган эмас, у қонуннинг маъноси, суд амалиётидаги умумий йўналиш ва инсон ҳуқуқлари кафолатлари билан чегараланди.

         Шу тариқа, судья дискрецияси назарий жиҳатдан нафақат қонун нормаларини татбиқ этиш механизмидир, балки судловнинг инсонпарварлик ва адолат принциплари билан уйғунлашган жиҳатини ҳам намоён қилади.

         Судья дискрецияси назарий жиҳатдан адолатни таъминлашнинг муҳим воситаси саналса-да, амалиётда унинг самарали қўлланилишига тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммолар мавжуд. Бу муаммоларни шартли равишда қуйидаги турларга ажратиш мумкин.

Қонун нормаларидаги ноаниқликлар. Жиноят-процессуал қонунчилигида баъзи нормалар умумий ва кенг қамровли ифодаланган. Масалан, жазо тайинлашда “жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси” ёки “шахснинг айбдорлик даражаси” каби мезонлар ноаниқ бўлиб, судьянинг шахсий баҳосига кўп жиҳатдан боғлиқ ҳолда қўлланилади. Бу эса бир хил ҳолатларда турлича қарорлар чиқарилишига олиб келади.

Субъективлик ва инсон омили. Судьянинг шахсий тажрибаси, дунёқараши ва аҳлоқий қарашлари унинг дискрециясини амалга оширишда сезиларли таъсир кўрсатади. Масалан, айрим судьялар енгиллаштирувчи ҳолатларга кўпроқ эътибор берса, бошқалари жазолашга мойил бўлиши мумкин. Бу ҳолат одил судловнинг ягона стандартларига путур етказиши мумкин.

Суд амалиётида айрим ҳолларда бир хил вазиятдаги жиноят ишлари бўйича турли судьялар томонидан турлича қарорлар қабул қилиниши кузатилади. Бу нафақат жамоатчиликнинг судга ишончини сусайтиради, балки қонун устуворлиги принципига ҳам зид ҳисобланади.

Афсуски, айрим ҳолларда судья қарор қабул қилишда жамоатчилик фикри, оммавий ахборот воситалари ёки норасмий таъсирлар доирасида қолиши мумкин. Шунингдек, коррупция омиллари ҳам дискрециясининг адолатли амалга ошишига тўсқинлик қиладиган салбий ҳолат сифатида қайд этилади.

Судья дискрецияси масаласи жаҳон ҳуқуқшунослигида ҳам кенг муҳокама қилинади ва турли давлатларда турлича ҳуқуқий ечимларга эга. Бу тажрибаларни таҳлил қилиш мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга, чунки миллий суд-ҳуқуқ ислоҳотларида халқаро стандартларни инобатга олиш самарадорликни оширади. Хориж мамлакатларида бу борадаги тизим турлича тарзда намоён бўлади.

 

  • Германияда судья дискрецияси қонун билан қатъий чекланган бўлиб, жиноят қонунчилигида жазо турлари ва уларнинг минимал ҳамда максимал миқдорлари аниқ белгилаб қўйилган. Судья мазкур чегараларда адолатли қарор қабул қилиши лозим. Шу билан бирга, немис ҳуқушунослари дискрециясини қонун устуворлигини таъминлайдиган муҳим ҳуқуқий восита сифатида баҳолайдилар.
  • Францияда судья дискрецияси нисбатан кенгроқ доирани ўз ичига олади. Судья жиноятнинг хусусиятидан ташқари, айбдорнинг шахсий ҳолатларини ҳам ҳисобга олишни назарда тутади. Франция амалиётида “ижтимоий адолат” мезони катта аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради.
  • Буюк Британияда судья дискрецияси англо-саксон ҳуқуқ тизимидаги прецедент ҳуқуқи билан уйуғунлашган. Судьялар олдинги қарорлардан четга чиқмасликка ҳаракат қиладилар, лекин айрим ҳолатларда эркинлик ҳам сақланади.
  • АҚШда судья дискрецияси жиноят ишларида айниқса муҳим ҳисобланади. Масалан, айбдорни қамоқ жазосига ёки шартли равишда озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилиш судьянинг дискрециясига боғлиқ. Бироқ, судья қарорлари устидан жамоатчилик назорати кучли яъни ОАВ, жамоат ташкилотлари ва юқори суд инстанциялари орқали дискрециясининг суиистеъмол қилинишига йўл қўйилмайди.

 

Ўзбекистонда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга катта эьтибор қаратилиб, Конститутцияда судья мустақиллиги ва адолатли судлов принциплари мустаҳкамланган. Хусусан, судьялар фақат қонунга бўйсиниши ва қарор қабул қилишда ташқи таъсирдан холи бўлиши белгилаб қўйилган. Бу ҳолат судья дискрециясининг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлайди.

Миллий амалиётда судья дискрециясини қўллашда  қатор муаммолар сақланиб қолмоқда, хусусан қонун нормаларидаги айрим ноаниқликлар судья қарорлари турли хил бўлишига  сабаб бўлади. Дискрециядан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари аҳолининг судга бўлган ишончини пасайтиради.

Судья дискрецияси адолатли судловнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Бироқ, унинг самарали амалга ошиши учун ҳуқуқий, ташкилий ва ижтимоий асосларни такомиллаштириш зарур.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, жиноят суд ишларини юритишда судья дискрецияси адолатли судлов тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. У қонун нормаларини ҳаётий ҳолатларга мослаштириш, айбдор шахсга нисбатан жазо тайинлашда инсонпарварлик принципини таъминлаш ва қонун устуворлигини амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Шу тариқа, судья дискрециясини чеклаш эмас, балки уни адолатли ва самарали йўналтириш орқали одил судловга эришиш мумкин. Бу эса фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлайди ҳамда демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг муҳим кафолатлари бўлиб хизмат қилади.

 

 

Ж.Ахмедов, Жиноят ишлари бўйича Гурлан туман судининг раиси                               

 

 

 

 

Мавзуга оид