s
Меҳнат муносабатлари жамият ижтимоий-иқтисодий барқарорлигининг муҳим асосларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Иш берувчи ва ходим ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар мувозанати таъминланмаган ҳолларда меҳнат низолари келиб чиқади. Бундай низоларнинг олдини олишда қонунчиликни тўғри қўллаш алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган меҳнатга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётда изчил ва аниқ татбиқ этилганда низолар сони сезиларли даражада камаяди.
Амалиёт шуни кўрсатадики, меҳнат низоларининг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат: меҳнат шартномасини нотўғри расмийлаштириш; иш ҳақини ўз вақтида тўламаслик; ноқонуний ишдан бўшатиш; иш вақти меъёрларига амал қилмаслик ва ходим ҳуқуқларини билмаслик ёки тушунмаслик.
Меҳнат низоларини олдини олиш - бу фақат судлар ёки давлат органларининг вазифаси эмас. Бу жараёнда иш берувчи, ходим ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Қонунчиликни тўғри ва изчил қўллаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда профилактик чораларни кучайтириш орқали меҳнат муносабатларида барқарорликни таъминлаш мумкин.
Шу боис, меҳнат қонунчилиги нормаларига қатъий риоя этиш ҳар бир ташкилот ва фуқаро учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Меҳнат низоларини олдини олиш учун қуйидаги чора-тадбирлар муҳим ҳисобланади:
Ҳуқуқий саводхонликни ошириш: иш берувчилар ва ходимлар меҳнат қонунчилиги нормаларини яхши билиши лозим. Корхоналарда мунтазам ҳуқуқий ўқув семинарлари ташкил этиш самарали натижа беради.
Ҳужжатларни тўғри юритиш: меҳнат шартномаси, буйруқлар, лавозим йўриқномалари ва ички меҳнат тартиби қоидалари амалдаги қонунчиликка мувофиқ бўлиши керак.
Ички назорат тизимини жорий этиш: кадрлар бўлими ва юридик хизмат томонидан меҳнат муносабатларига доир ҳужжатлар мунтазам равишда таҳлил қилиниши лозим.
Давлат назорати: камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда тегишли инспекция органлари томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан назорат амалга оширилади. Давлат назорати профилактик аҳамиятга эга бўлиб, қонунбузилишларни барвақт аниқлаш имконини беради.
Меҳнат низоларини судгача ҳал этиш: меҳнат низоларини судгача тартибда ҳал қилиш ҳам муҳим ўрин тутади. Корхона даражасида келишув комиссиялари ташкил этиш, музокаралар ўтказиш ва муроса йўли билан масалани ҳал қилиш орқали ортиқча вақт ва харажатларнинг олди олинади. Бу эса ижтимоий шериклик тамойилларини мустаҳкамлайди.
Меҳнат низоларининг олди олинмайдиган бўлса, шу тоифадаги ишларнинг судларда кўрилишига олиб келади ва меҳнат низосининг тарафларига бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқаради.
Хусусан, биргина ишга тиклаш низосининг ходим фойдасига суд тартибида ҳал қилиниши иш берувчига мажбурий прогул учун иш ҳақи, иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги учун компенсация ҳамда маънавий зарар учун тўловларни тўлаш мажбурияти юкланиши, давлат фойдасига давлат божи ундирилиши эҳтимолини юзага келтирса, ходим ишдан бўшатилганидан то суд қарорига асосан ишга тиклангунга қадар ишсиз юриб маънавий зарар кўради.
Хулоса қилиб айтганда қонун устувор, меҳнат муносабатларининг иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳурмат муҳити бўлган жамоада иш унумдорлигига асосланган барқарор меҳнат муносабатлари ҳукм суради.
Хоразм вилоят суди судьяси З.О.Султанов