s
Президентимиз томонидан давлатимиз тараққиётининг бугунги босқичида адолат ва қонун устуворлигини амалда таъминлаш стратегик вазифа сифатида белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбари ўзининг деярли ҳар бир маъруза ва чиқишларида турмушимизда адолатни қарор топтириш энг асосий вазифамиз эканлиги, суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши кераклигини таъкидлаб келади.
Судларнинг фаолиятида ҳам тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгалари учун ҳуқуқ ва кафолатларни қонуний ҳимоя қилиш нормаларини қўллашни кучайтириш, бу борада хусусий мулкдорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини ошириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашуви учун жавобгарлигини кучайтириш масалалари биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган вазифа сифатида белгилаб олинган.
Шу ўринда фикримни Шовот туманлараро иқтисодий судида кўрилган бир иш мисолида давом эттирсам.
Туман ҳокимлиги судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилишни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида аниқланишича, 10,6 га ер майдони боғдорчилик йўналишида 30 йил муддатга ижара ҳуқуқи электрон танловга қўйилган, ўтказилган электрон танловда фермер хўжалиги раҳбари иштирок этиб ғолиб бўлган ва электрон танлов натижалари тўғрисидаги байённома асосида
10.6 гектар ер майдонини боғдорчилик йўналишида 30 йил муддатга ижара ҳуқуқини ютиб олган. Ижара ҳуқуқи учун тўланадиган тўлов 928 674 353 сўмни ташкил қилган. Унга асосан туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасида қишлоқ хўжаликларига ер участкасини ижарага бериш бўйича шартнома тузилган.
Қишлоқ хўжалиги органлари томонидан жавобгарнинг экин ер майдонларида қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши ва ҳосил етиштириш бўйича мониторинг ўтказилган.
Ўрганишда аниқланган ҳолатлар юзасидан қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан маълумотнома тузилган, унда фермер хўжалиги ер майдонида боғ ташкил қилмасдан ерлардан мақсадсиз, самарасиз ва нооқилона фойдаланганлиги маълум қилинган.
Туман ҳокимлиги таклиф хати билан фермер хўжалигига мурожаат қилиб, ер ижара шартномасини бекор қилишни таклиф этган. Бироқ, фермер хўжалиги томонидан таклиф хати жавобсиз ва ижросиз қолдирилган. Шундан кейин, туман ҳокимлиги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Туман ҳокимлиги даъво аризасида ер ижара шартномасини бекор қилишга асос сифатида фермер хўжалиги 2024 йил ҳосили учун ер майдонига режалаштирилган экинларни экмаганлиги ҳамда фермер хўжалиги боғдорчиликка ихтисослаштирилган бўлсада, ажратилган ер майдонларида боғ ташкил қилмаганлиги, ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланганлиги, ер участкасидан оқилона фойдаланмаганлиги ҳолатларини баён қилган.
Ишни кўриш жараёнида туман ҳокимлиги томонидан 2024 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш юзасидан ердан фойдаланувчилар кесимида айнан жавобгар фермер хўжалигининг ер майдонига 3.8 гектар сабзавот, 5.66 гектар картошка экинлари экиш режалаштирилганлигини тасдиқловчи далиллар, қолаверса экинлари экиш режаси ердан фойдаланувчилар кесимида тасдиқланган бўлган тақдирда унинг ер майдонларига 3.8 гектар сабзавот, 5.66 гектар картошка экинлари экиши режалаштирилганлиги тўғрисида фермер хўжалиги тегишли тартибда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи далиллар судга тақдим қилинмади.
Фермерни ўтган йил учун ер майдонига 3,8 гектар савзавот, 5,66 гектар картошка экиш режалаштирилганидан умуман хабари ҳам бўлмаган. Шу билан бирга фермер ўтган йилда боғ ва боғ қатор ораларига 3.8 гектар пахта,
5.7 гектар озуққа экинлари эккан ҳолда, ер майдонларини бўш қолдирмаганлиги ҳолати аниқланди.
Фермер хўжалигининг ер майдонида боғ ташкил қилинган ёки қилинмаганлик ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида суд томонидан унинг ер майдонлари ишда иштирок этувчи шахслар вакиллари иштирокида жойига чиқиб кўздан кечирилган. Кўздан кечиришда жавобгарнинг ер майдони иккита дала майдонига ажратилганлиги, шундан 4,8 га ер майдонида 2024 йил бахор фаслида мевали дарахтлар экилиб интенсив боғ тўлиқ ташкил қилинганлиги, иккинчи 5 га ер майдонида эса 2025 йил бахор фаслида мевали дарахтлар экилиб интенсив боғ тўлиқ ташкил қилинганлиги аниқланган.
Қолаверса, туман қишлоқ хўжалиги бўлими ва Агросаноатни ривожлантириш агентлиги туман бўлими мутахассислари томонидан судга тақдим қилинган маълумотномада фермер хўжалигининг 9,5 га ер майдонида 5000 донадан ортиқ мевали кўчат борлиги маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасида ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши белгиланган, худди шундай қоида шартноманинг 12-бандида ҳам назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 382-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса ҳамда ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкинлиги, ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланиши белгиланган.
ФКнинг 384-моддаси иккинчи қисмига кўра, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса — ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.
Шартноманинг 9-бандида ижарага берилган ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланилиши амалдаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган барча келиб чиқадиган оқибатлари билан биргаликда ижара шартномасининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланиши, 15-бандида томонлардан бири ушбу шартноманинг шартларини бажармаганда ёки қонунчилик ҳужжатларини мунтазам равишда бузганда иккинчи томон ушбу шартноманинг белгиланган тартибда бекор қилинишини талаб қилишга ҳақлилиги, 16-бандида эса бартараф этилиши мумкин бўлган ҳар қандай қонун бузилиши шартномани бекор қилишга сабаб бўлмаслиги қайд қилинган.
Маълумки, суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради.
Гарчи даъвогар томонидан даъво талабига асос сифатида жавобгар ердан белгиланган мақсадда фойдаланилмагани, самарасиз фойдалангани, ер участкасидан оқилона фойдаланмагани каби ҳолатларни важ қилиб келтирган бўлса-да, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи мақбул далиллар судга тақдим қилинмади.
Ваҳоланкисудга тақдим қилинган ҳужатлар ҳамда тарафларнинг суд мажлисида берган тушунтиришларидан жавобгар ер майдонидан белгиланган мақсадда, яъни боғ ташкил қилиш мақсадида оқилона ва самарали фойдаланиб келаётганлиги, хусусан ер майдонида интинсив боғ ташкил қилинганлиги, ер майдонида 5000 дан ортиқ мевали дарахтлар мавжудлиги, қолаверса ўтган йили ер майдонлари бўш қолдирилмасдан боғ ва боғ қатор ораларига 3.8 гектар пахта, 5.7 гектар озуққа экинлари эккан ҳолда оқилона фойдаланганлиги ҳолати исботини топган.
Суд, даъвогарнинг шартномани муддатидан олдин бекор қилиш талаби мақбул далиллар билан исботланмаганлиги, ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси68-моддасининг биринчи қисми талабига кўра ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс, шу жумладан даъвогар ҳам ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши лозимлиги, бундан ташқари жавобгар ер майдонидан белгиланган мақсадда, яъни боғ ташкил қилиш мақсадида оқилона ва самарали фойдаланиб келаётганлигидан келиб чиқиб, даъвони тўлиқ асоссиз деб ҳисоблаб, уни рад этишни лозим топган.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида қабул қилинган бир қатор қонунлар, фармон ва қарорлар тадбиркорлик субъектларига янги имтиёз ҳамда қулайликлар бериш баробарида, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришда ҳал қилувчи ўрин тутаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Ў.Мадрохимов
Шовот туманлараро
иқтисодий судининг судьяси