s
Коррупция глобал миқёсда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолардан биридир. Бу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий тараққиётига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этди ва жаҳон сиёсатининг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.
Маълумки, бу иллатнинг сабабларини аниқлаш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш мақсадида мутахассислар, турли институтлар, халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар олиб борилди. Ноёб рейтинглар тузилди, турли кўрсаткичлар ва рақамлардан иборат жадваллар тузилди. Ҳатто коррупциянинг турли шакллари учун формулалар ишлаб чиқилган. Унга қарши курашда самарали бўладиган, барча халқларга тааллуқли бўладиган ягона ечим ҳали ҳам йўқ. Шунинг учун ҳар бир халқ бу иллатга қарши кураш стратегиясини ўзи белгилайди.
Шундан келиб чиқиб, 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди.
Ушбу Қонуннинг 3-моддасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тушунчалари белгилаб берилган, яъни коррупция - бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.
Мазкур Қонун, ўз навбатида, фуқароларга коррупция ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар нима эканлиги, уларнинг салбий оқибатлари ҳақида маълумот беради.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш тамойиллари мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш борасида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим ва малака ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидандир.
Зеро, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксак, ҳуқуқий соҳада билимли ва малакали инсонлар салбий иллат бўлган коррупцияга йўл қўймайди.
2025 йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари коррупцияни ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ сифатида таъкидлаб, бу иллатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни танқидий таҳлил қилди ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.
Президент Ш.Мирзиёев амалдорларнинг ҳашаматга интилишини коррупциянинг илдизи деб атаб, раҳбарлардан камтарлик намунаси бўлишни талаб қилди. Шунингдек, давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялашга оид қонунни қабул қилиш ва ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарликни кучайтириш таклиф этилди.
Йиғилишда, шунингдек, мактаб ва олийгоҳларда ёшларни ҳалоллик ва адолат руҳида тарбиялаш, нодавлат ташкилотларни коррупцияга қарши мониторинг ишларига жалб қилиш ҳамда давлат хизматчиларининг даромадларини декларациялаш тизимини жорий этиш каби муҳим чора-тадбирлар белгиланди.
Ушбу йиғилишда белгиланган чора-тадбирлар мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Хоразм вилоят маъмурий
суди судьяси
Чориев Дилшод Шавкатович