s
USD: Rub: Eur:
2025-10-20 925

Экология соҳасидаги жиноятлар тушунчасини шакллантиришнинг муҳим жиҳатлари

Ҳозирги пайтда дунёнинг қайси бир минтақасини олиб қарамайлик, инсон ҳаёти учун катта хавф туғдираётган экологик вазиятни бартараф қилишдек оғир муаммолар ўз ечимини кутиб турганлигининг гувоҳи бўламиз. Инсоният ХХI асрга қадам қўяр экан, унинг олдида оламни асраш, келажак авлоднинг барқарорлигини таъминлаш, турли экологик муаммоларнинг олдини олишдек долзарб масала кўндаланг турибдики, бу ҳеч кимни ташвишга солмай қолмайди. “Экология ҳозирги замоннинг кенг миқёсдаги кескин ижтимоий муаммоларидан биридир. Уни ҳал этиш барча халқларнинг манфаатларига мос бўлиб, цивилизациянинг ҳозирги куни ва келажаги кўп жиҳатдан ана шу муаммонинг ҳал қилинишига боғлиқдир”.

Атроф табиий муҳитни жиноий-ҳуқуқий муҳофаза қилиш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларига асосланади. Хусусан, Конституциянинг 68-моддасига кўра, “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”.

Ўзбекистон Республикасининг – “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунида табиатни муҳофаза қилишга доир қонунларни бузганлик учун айбдор шахсларнинг жавобгарлигига доир нормалар аниқ равишда белгилаб қўйилган. Мазкур Қонуннинг 47-моддасидан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, юридик ва жисмоний шахслар табиатни муҳофаза қилишга доир қуйидаги қонунбузарликларга йўл қўйилганлиги учун жавобгар бўладилар: табиатни муҳофаза қилишнинг стандартлари, нормалари, қоидалари ва бошқа норматив-техник талабларини бузишда, шу жумладан корхоналар, иншоотлар, транспорт воситалари ва бошқа объектларни режалаштириш, қуриш, реконструкциялаш, улардан фойдаланиш ёки уларни тугатиш чоғида, экология нуқтаи назаридан хавфли маҳсулотларни чет элларга чиқариш ва чет эллардан олиб келишда ҳудуднинг белгилаб қўйилган экология сиғимини, экология нормалари, қоидаларини бузишда;

табиий бойликлардан ўзбошимчалик билан фойдаланишда, давлат экология экспертизаси талабларини бажармаганликда;

табиий ресурслардан фойдаланганлик учун белгиланган тўловни, шунингдек атроф муҳитни ифлослантирганлик ва унга зарарли таъсир кўрсатишнинг бошқа турлари учун компенсация тўловлари тўлашдан бош тортганликда;

табиатни муҳофаза қилиш объектларини қуриш режаларини, табиатни муҳофаза қилишга доир бошқа тадбирларни бажармасликда;

атроф табиий муҳитни тиклаш, унга бўладиган зарарли таъсир оқибатларини бартараф этиш ва табиий ресурсларни такрор ишлаб чиқариш чораларини кўрмаганликда;

табиатни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошираётган идораларнинг кўрсатмаларини бажармаганликда;

табиатни муҳофаза қилиш объектлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ҳуқуқий режимини бузганликда;

атроф табиий муҳитга зарарли таъсирни ҳисобга олиш қоидаларини бузганликда;

чиқиндиларни, кимёлаштириш воситаларини, шунингдек радиоактив ва зарарли кимёвий моддаларни сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш, уларни зарарсизлантириш ва кўмиб юбориш вақтида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганликда;

атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг объектларга боришига, айрим шахслар ва табиатни муҳофаза қилиш жамоат ташкилотларига эса ўз ҳуқуқ ва вазифаларини рўёбга чиқаришларига тўсқинлик қилганликда;

атроф табиий муҳитнинг ҳолати ва унинг ресурсларидан фойдаланиш тўғрисида ўз вақтида ва тўғри ахборот беришдан бош тортганликда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси биринчи марта экология соҳасидаги жиноятларнинг илгари тарқоқ бўлган таркибларини бирлаштирган, аммо жиноят қонунида “Экология соҳасидаги жиноят” тушунчасининг ўзи белгиланмаган. Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги амалдаги қонунида, шунингдек Жиноят кодексида ҳам экология соҳасидаги жиноят тушунчаси таснифи келтирилмаган. Лекин, экология соҳасидаги жиноятларни бошқа ўхшаш жиноятлардан фарқлаш ва экологик жиноятчилик муаммосини янада тадқиқ қилиш учун экологик жиноятнинг асосий белгиларини аниқлаш ва унинг таснифини аниқлаш зарур.

Экология соҳасидаги жиноятлар – бу Жиноят кодексида назарда тутилган, инсоннинг ҳаётий фаолиятини табиий муҳитда сифат жиҳатидан сақлаб туришга, унинг ресурсларидан оқилона фойдаланишга, аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминловчи ижтимоий муносабатларга тажовуз қилувчи ижтимоий хавфли қилмишлардир. Экология соҳасидаги жиноятлар ўз тавсифига кўра бир вақтда иқтисодий жиноятлар (табиий ресурслардан ғайриқонуний равишда фойдаланиш); зўрлик ишлатиб содир этиладиган (инсон соғлиғига тўғридан-тўғри зарар етказиш билан боғлиқ бўлган) жиноят, ғараз мақсадларда содир этиладиган (қонунга хилоф равишда ов қилиш, балиқ тутиш ва ҳоказо) жиноят ҳам ҳисобланиб, ўзининг салбий оқибатлари жиҳатидан ҳар доим юқори туради.

Экология соҳасини тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат: Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги, “Хизмат ва маҳсулотларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқалар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 29-сон қарори билан тасдиқланган ―Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида‖ги низомнинг 18-бандида Давлат экология қўмитасининг асосий ҳуқуқларидан бири сифатида ўз ваколати доирасида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, мансабдор шахслар ва фуқароларга жарималар солиш, шунингдек, ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликлар оқибатида табиий ресурслар ва атроф муҳитга етказилган зарарни қоплаш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш ҳуқуқи эътироф этилган.

Экологик жиноятлар объекти сифатида маълум ҳуқуқий ва моддий шаклдаги ижтимоий муносабатлар мажмуини ажратиб кўрсатиш мумкин. Ушбу муносабатларнинг экологик қонунчилик меъёрларига мос ва самарали тарзда амалга оширилиши инсон ҳаётий фаолиятини, у томондан табиат заҳираларини оқилона ишлатишни таъминлайди ва фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлигини кафолатлайди.

Жиноят кодексининг 194-моддаси диспозициясида ҳам жиноят объекти батафсил ёритилган. Яъни, жиноят экологик оқибатларни келтириб чиқарган ҳалокатлар ёки атроф табиий муҳитнинг радиациявий, кимёвий, бактериявий ифлосланганлигини ёхуд инсон ҳаёти ёки соғлиги, тирик табиат учун хавфли бўлган бошқача тарзда ифлосланганлиги тўғрисида ёхуд аҳоли саломатлигининг ҳолатига доир маълумотларни ўз вақтида ва аниқ бериши лозимлигига қаратилган. Демакки, жиноят мансабдор шахснинг юқорида келтирилган атроф-муҳит ўзгаришлари тўғрисида ўз вақтида ва аниқ маълумот беришини таъминлайдиган ижтимоий муносабатлардир. Жиноят кодексининг 195-моддасида (атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик) жиноят объекти экологияси ифлосланган жойларни дезактивация қилиш ёки бошқача тарзда тиклаш чораларини кўришдан келиб чиқадиган ижтимоий муносабатлардир. Жиноят кодексининг 196-моддасида ерларни ифлослантириш ёки бузиш, сув ёки атмосфера ҳавосини ифлослантириш учун жавобгарлик белгиланган. Жиноятнинг бевосита объектиер, сув, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга қаратилган ижтимоий муносабатлар ҳисобланади. Объект жиҳатдан экология соҳасидаги жиноятларнинг бошқа соҳалардаги жиноятлардан фарқи шундаки, жиноятлар натижасида бевосита объектга ва жиноят кодекси билан муҳофаза қилинадиган бошқа объектларга ҳам зарар келтирилади. Бундай ҳолат А. В. Наумов дарслигида икки объектли жиноятлар деб келтирилган. У икки объектли жиноятларнинг бевосита объектини асосий ва қўшимча деб ажратади. Қўшимча объектнинг ўзини эса зарур ва факультатив турларга ажратади. Экология соҳасидаги жиноятларнинг (Жиноят кодексининг 193-196-моддалари) бевосита объекти асосий объект ва қўшимча зарурий объектлардан туради. Жиноят кодексининг 194-196-моддалари диспозицияларида жиноят натижасида зарар келиши мумкин бўлган қуйидаги ҳолатлар кўрсатилган: аҳолининг оммавий касалланиши, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатлар. Шунингдек, Жиноят кодексининг 194-196- модаларининг 2-қисмида кўрсатилган жиноятлар натижасида одам ўлиши мумкин эканлиги қайд этилган. Демак, Жиноят кодексининг 194-196-моддаларида бевосита қўшимча объект – инсон ҳаёти ва соғлигини, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг тирикчилигини таъминлашга қаратилган ижтимоий муносабатлардир. Юқорида таъкидланганидек, экология соҳасидаги жиноятлар натижасида одам ҳаёти ва соғлигига зарар келиши мумкин. Лекин, шунга қарамасдан, бу жиноятлар 14-бобдаги жиноятлар қаторига киргизилган. Бу қонун чиқарувчининг экология ижтимоий муносабатларини бевосита объект деб ҳисоблаганлигидан келиб чиқади.

 

Х.Сапаев, жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди раиси

Мавзуга оид