s
Бугунги рақамли асрда интернет орқали ахборот тарқатиш ҳар бир фойдаланувчи учун кундалик одатга айланган. Бироқ шунга қарамай, ҳар қандай маълумотни тарқатиш имкони борлиги унинг қонуний ёки хавфсиз эканини англатмайди. Айниқса, диний, миллий, ирқий мазмундаги материаллар ҳақида гап кетганда, фуқаролардан юксак масъулият, ахборотни текшириш маданияти ва ҳуқуқий онг талаб этилади.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар қандай материал — мем ёки мақола, аудио ёки видео — кенг жамоатчиликка таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли ҳам интернетдан фойдаланишда одоб ва эҳтиёткорлик, қолаверса, қонун доирасида ҳаракат қилиш ҳар бир фуқаро учун муҳим ҳисобланади.
Қуйидаги воқеа шунга яққол мисолдир: интернетда тарқатилган бир неча тақиқланган диний маълумотлар сабабли ёш йигит судда айбланувчи бўлиб қатнашди.
2025 йил 27 февраль куни Қўшкўпир туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида 22 ёшли ёш йигит – Лазизбек Қодиров(исм-фамилия шартли) маъмурий жавобгарликка тортилди. У интернет орқали диний мазмундаги тақиқланган материалларни тарқатганликда айбдор деб топилди.
Суд мажлисида аниқланишича, Лазизбек Telegram ва Instagram ижтимоий тармоқлари орқали Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон номли шахснинг диний чиқишларини танишларига юбориб келган. Мазкур чиқишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 180-сонли қарори билан тасдиқланган тартибларга зид равишда тайёрланган ва тарқатилиши қатъиян ман этилган диний фикрлар ҳисобланади.
Диний ишлар бўйича қўмита хулосасига кўра, ушбу материаллар жамиятда миллатлараро ва диний адоватни қўзғаши, аҳоли орасида ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, уларни тарқатиш қонун билан таъқиқланган.
Судда Лазизбек Қодиров ўз қилмишини тан олди ва ушбу материаллар тақиқланганлигидан бехабар бўлганини билдирди. У қилмишидан чин кўнгилдан афсусда эканини айтди ва кечирим сўради. Шунга қарамай, суд унинг ҳаракатини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-3-моддаси бўйича ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолади.
Суд Лазизбекнинг ёшлигини, аввал жавобгарликка тортилмаганини, оилавий ва моддий аҳволини инобатга олиб, унга нисбатан енгилроқ — 1 500 000 сўм миқдоридаги жарима жазосини тайинлади. Шунингдек, ҳуқуқбузарликка асос бўлган “iPhone 13” телефони хотирасидаги маълумотлар ўчирилиши ва телефон давлат фойдасига мусодара қилиниши белгиланди.
Бу ҳолат фуқаролардан интернетда тарқатилаётган ҳар қандай маълумотнинг ҳуқуқий томонини яхши англаб, масъулият билан ёндашишни талаб қилади. Интернет – ахборот майдони, лекин қонунлар унда ҳам тўлиқ амал қилади.
Бахтиёр Рўзметов, Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман судининг тергов судяси