s
Дарҳақиқат, табиат – бу тириклик манбаи бўлиб, бутун борлиқни нақадар гўзал ва бетакрорлигини ифода этади. Юртимиз тараққиётининг муҳим мезонларидан бири бўлган экология ва атроф-муҳит муҳофазаси давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бўлиб, бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Дарвоқе, юртдошларимиз ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, шунинг баробарида ҳар бир шахс қалбида атроф-муҳитни умуман олганда табиатга бўлган меҳр-муҳаббат туйғусини тўла шакллантириш, экологик маданиятини юксалтириш борасида қатор изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунки, бутун дунё учун долзарб бўлган муаммолардан бирига айланаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Мамлакатимизда инсон манфаати ҳар нарсадан азиз бўлиб, унинг саломатлиги ва турмуш тарзини яхшилаш учун энг аввало табиатга бўлган эътиборни инобатга олиш муҳим ишлардан бири бўлиб саналади. Экологияни барқарор ривожлантириш, инсонлар учун қулай яшаш муҳитини яратиш, шу каби эзгу ишларни ўз вақтида амалга ошириш муҳим вазифалардан бири экани фикримизнинг ёрқин ифодасидир.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
49-моддасида ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга, деган қатъий қоида мустаҳкамланди. Иккинчидан, давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради, деган ҳаётий норма белгиланганидан хабарингиз бор.
2025 йил май ойининг 19 куни жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди томонидан судланувчи Т.Топилдиев (исм-фамилияси ўзгартирилган)га оид жиноят иши кўрилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 198-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 198-моддаси 2-қисми билан 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, ҳукм қонуний кучга киргач, жиноят натижасида етказилган зарарлар учун Т.Топилдиевдан Хоразм вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фойдасига 157.500.000 (бир юз эллик етти миллион беш юз минг) сўм ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, Жиноят кодексининг экинзорларни, ўрмонларни, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи 198-моддасида алоҳида янги модда билан дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун ҳам жиноий жавобгарликни кучайтирилган.
Шунингдек, оловга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш натижасида экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш, нобуд қилиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шуни ёдда тутиш керакки, ҳар бир фуқаро қонунларга риоя этиши шарт эканлиги қонунларимизда ўз ифодасини топган.
Жиноят ишлари бўйича
Қўшкўпир туман суди раиси Исмоилов Фурқат Жуманазарович