s
USD: Rub: Eur:
2025-12-23 291

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг принциплари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрирининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир. Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг  1-моддасида Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб эълон қилинди. Бу билан билан Ўзбекистон давлатининг сиёсий-ҳуқуқий мақомига янги учта «ҳуқуқий давлат», «ижтимоий давлат» ва «дунёвий давлат» тушунчалари қўшилди.

            Ҳуқуқий давлат – бу демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлат.

Ижтимоий давлат – бу ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ моддий бойликларни адолатли тақсимлашга қаратилган давлат моделидир.

Дунёвий давлат – давлат ҳокимияти ва бошқарувдан дин ажратилган, бошқарув диний қоидалар билан эмас, балки фуқаролик қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган, қарорлар қабул қлиишда диний асосларга таянилмайдиган давлатдир. Шунингдек, ҳеч қандай дин ва мафкура давлатнинг мажбурлов кучи билан ўрнатилмаслигини, уларнинг давлатдан айри эканлигини тавсифлайди.

1-моддага кирилтилган Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг давлатчилик шакли, сиёсий-ҳуқуқий мақомининг янгича таърифи акс эттиради.

Шунингдек, 7-моддаси биринчи бандида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи», деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумеътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган.

Конституциянинг 10-моддасида «Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин» деган қоида мустаҳкамланган. Яъни жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

Ушбу нормалар талқини асносида шуни таъкидлаш ўринлики, инсоният тажрибаси негизида демократиянинг икки тури ишлаб чиқилган. Булардан бири — тўғридан-тўғри, яъни бевосита демократия бўлса, иккинчиси — сайланган вакилларнинг тегишли муассасалари орқали амалга ошириладиган вакиллик демократиясидир.

Шунга кўра Ўзбекистонда бошқарув давлат ҳокимиятининг уч тармоқдан иборат тизими орқали амалга оширилади: Олий Мажлис қонун чиқарувчи вакиллик органи сифатида қонунларни қабул қилади, Вазирлар Маҳкамаси бошчилигидаги ижро ҳокимияти уларнинг ижросини таъминлайди, судлар одил судлов органлари сифатида низоларни қонун асосида ҳал қилади. Ушбу органларнинг ҳар бири муайян доирадаги ваколатларга эгадир.

Янги Ўзбекистонда халқимизнинг бой тажрибаси ва маданий анъаналарига асосланган демократия ўрнатилмоқда, бунда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари ва қатламлари манфаатлари ҳисобга олинади. Зўравонликка асосланган эскича маъмурий-буйруқбозлик тизими қолдиқлари ниҳоят барҳам топди, кўппартиявийлик, ғоя ва фикрлар хилма-хиллиги одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Ўз навбатида, ушбу конституциявий нормалар умумеътироф этилган бир қатор принципларга ҳам тўла мос келади.

Хусусан, «Конституция ва қонунлар устунлиги» принципини олайлик. Давлат органларининг ваколатлари Президент, парламент ёки ҳукуматнинг ҳар хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан эмас, балки фақат Конституция ва қонунлар билан белгиланади. Давлат органлари Конституция ва қонунларга сўзсиз бўйсуниши ва ўз ваколатларини шу ҳуқуқий негиздагина амалга ошириши шарт. Бу қатъий мезон қонун устуворлигининг ҳам муҳим белгиси ҳисобланади. Жамиятнинг
бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс томонидан «давлат ҳокимиятининг тортиб олиниши»га йўл қўйилмайди.

Конституциямизнинг аввалги таҳриридан фарқли ўлароқ, унинг янги таҳрирининг асосий ғояси шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, илгари мавжуд бўлган “давлат — жамият — шахс” парадигмасини янги: “инсон — жамият — давлат” тамойилига ўзгартиришдан иборат.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири давлатнинг асосий принципларини белгилаб, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, демократик бошқарув ва миллий мустақиллик каби тамойилларни таъминлайди. Бу моддалар давлат органларининг фаолиятини тартибга солади ва жамиятнинг барқарор, адолатли ва демократик ривожланишига хизмат қилади.

 

 

 

 Хоразм вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича

судьяси М.Б.Қазақов

Мавзуга оид