s
Ҳар бир мамлакат ўз келажагини ёшлар тимсолида, уларнинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етишида кўриши табиий ҳолдир. Давлат тараққиётининг ривожи ҳам айнан ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим ва тарбия даражаси билан узвий боғлиқдир. Бунга эришиш учун эса аввало, жамият аъзоларининг, шу жумладан, ёшларнинг сиёсий, ижтимоий, маънавий ва ҳуқуқий савияси юқори даражада бўлиши талаб этилади.
Бу борада хурматли президентимиз Ш.М.Мирзиёев “Бугунги мураккаб замонда ёшларни жисмоний ва маънавий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш биз учун ғоят муҳим вазифа бўлиб қолмоқда” деб таъкидлаб ўтганлар. Мазкур устувор вазифадан келиб чиқиб, ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш, ҳуқуқий фаоллигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил
27 июнда имзоланган “Ёшлар келажагимиз Давлат дастури тўғрисида”ги Фармон бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. Бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган. Шунингдек давлат раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича яна бир янги босқични бошлаб берди.
Биринчи ташаббус – ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.
Учинчиташаббус – аҳоливаёшларўртасида компьютер технологиялариваинтернетдансамаралифойдаланишниташкилэтишгақаратилган.
Тўртинчи ташаббус – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Бешинчи ташаббус – хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.
Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг 40 фоизини 18 ёшгача бўлган болалар, 64 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этган Ўзбекистон учун баркамол авлодни тарбиялаш, уларга эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи сифатида ишонч билдириш, жамиятда тинчлик ва осойишталикни, жамоат тартибини сақлаш, ҳар қандай кўринишдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашда фаол иштирок этишини таъминлаш қанчалик долзарб вазифа эканлиги барчамизга маълум. Бироқ мамлакатда ёшлар учун шундай шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилаётганига қарамасдан, улар орасида носоғлом муҳит таъсирига тушиб қолаётган ёшларимиз ҳам учраб турмоқда. Айниқса ёшлар орасида кенг авж олиб бораётган гиёҳванд ва психотроп моддаларни истеъмол қилиш, унинг таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари жуда аянчли ҳолатдир.
Таҳлилчиларнинг фикрича, гиёҳванд моддаларнинг кенг тарқалиши бир қатор ижтимоий муаммоларга сабаб бўлади. Жумладан, демографик фожеаларни келтириб чиқаради, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда жиноятчилик кўзга ташланади. БМТ Бош Ассамблеясининг тан олишича, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жаҳонда гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси муаммолигича қолмоқда. Бу муаммо ҳамон жиддий таҳдид сифатида кўрилади. Гиёҳванд моддалар истеъмоли сўзсиз аҳоли соғлиғи ва жамоат хавфсизлигига тахдид сифатида кўрилади. Бир қатор мамлакатларда бу иллат жамиятнинг барқарор ривожланишига халақит бераётганидан асло кўз юмиб бўлмайди.
Гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчилик Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатларининг иқтисодий, сиёсий барқарорлигига катта хавф солмоқда. Гиёҳвандлик замонавий ҳаётнинг энг хавфли кўринишларидан бири ҳисобланади. Ҳар куни гиёҳвандлик деб аталмиш қўрқинчли қармоққа минглаб одамлар тушиб қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги ўз мажбуриятларини тўлақонли бажаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўз ортидан бошқа қора иллатларни ҳам етаклаб юрадиган гиёҳвандлик балосига қарши курашишда юртимизда мустаҳкам ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган.
Мамлакатимизда гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмолига қарши кескин чоралар кўрилаётган бўлса-да, бугун гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши энг хатарли ва долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Гиёҳфурушлар янги усул ва найрангларни қўллаб, заҳри қотилни сотиш ҳаракатларини давом эттиришмоқда. Улар манфур мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳали дунёқараши шаклланмаган, ўзгалар таъсирига тушиб қолишга мойил ёшлар умрига зомин бўлишмоқда.
Ёшлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларни салбий таъсирлардан сақлаш, энг хавфли жиноятлардан бири ҳисобланган, инсоният томонидан “Аср вабоси” деб тан олинган гиёҳвандлик иллатига қарши кураш, айниқса ўсиб келаётган ёш авлодни бу иллат домига тушиб қолишларини олдини олиш олдимизда турган долзарб масалалардан ҳисобланади. Ўзбекистонда бугунги кунда ёшлар ўртасида анъанавий гиёҳвандлик моддаларидан воз кечиб, айниқса, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларни истеъмол қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Ҳозирги ёшларда трамадол ва янги пайдо бўлган тропикамид дорилари истеъмоли ҳам кучаймоқда. Улар таъсирида эса ёшлар томонидан оғир турдаги жиноятлар содир этилмоқда. Афсуски, ҳозирги кунда ёшлар орасида таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган дори воситаларини истеъмол қилиш ҳолатларининг учраб туриши ҳамда ёшларимизнинг руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб етишишлари, замонавий билим ва касбга эга бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб берилган бўлишига қарамай наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир қилишлари ва гиёҳвандлик йўлига кириб кетаётганлиги ачинарли ҳолдир.
Гиёҳвандликка мубтало бўлиш нафақат бир шахснинг муаммоси балки, уларнинг оиласи, жамимят учун ҳам катта муаммолар келтириб чиқаради. Сўнгги йилларда жаҳон мамлакатларида гиёҳвандликка қарши кенг қамровли кураш олиб борилоқда. Бунда ижтимоий рекламалар ва тарғиботлардан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Энг муҳими соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўлида кўп ишлар амалга оширилмоқда. Инсоният таррақиётнинг янги-янги чўққиларини забт этмоқда. Бироқ жаҳонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб колмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.
Бу борада мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, психатроп моддалар ва уларнинг анологларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишда одил судловни амалга ошириб бориш ҳал қилувчи муҳим ўрин тутади. Бундай жиноятлар учун жазонинг қатъийлиги ва муқаррарлигини таъминлаш орқали жамиятда шу турдаги жиноятларнинг содир этилишини олдини олишга эришиш мумкин бўлади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган, бор куч-ғайратини фақат билим олишга, изланишга, ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, ўсмирларни алдов йўли билан гиёҳвандлик қурбонига айлантираётган кимсалар озми? Қанчадан-қанча оилаларнинг ёстиғини қуритаётган гиёҳвандликка қарши ҳар бир инсон ўзи курашмоғи, ташқи таъсирлардан ҳимояланмоғи лозим. Хозирги кунда ёшларимиз томонидан ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланиш имкониятлари бўлганлиги сабабли, амалдаги қонун ҳужжатларида ижтимоий тармоқлар, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг анологларини тарғиб қилганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик назарда тутилган қонунни кўриб чиқиш лозим деб ҳисоблаймиз. Буни натижасида бундай турдаги жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари яратилиши билан бир қаторда ёшлар ўртасида бу каби жиноятлар содир қилинишининг олди олинган бўлар эди.
М.Самандаров, Жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман судининг
тегов судьяси