s
USD: Rub: Eur:
2026-06-02 136

Ҳакамлик судлари фаолияти ва бюджет интизомига оид қонунчиликдаги ўзгаришлар.

Мамлакатимизда низоларни ҳакамлик судларида ҳал қилиш механизми жорий этилганлиги фуқароларнинг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашда, ишбилармонлик муҳитини яхшилашда ҳамда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга таҳлиллар ҳакамлик судлари фаолиятини ташкил қилишнинг қонуний асосларини ва улар томонидан қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат механизмларини такомиллаштириш, ҳакамлик судларига қўйиладиган талабларни аниқлаштириш, ҳакамлик судлари фаолиятини ҳамда ҳакамлик муҳокамасини халқаро стандартларга мослаштириш зарурияти мавжудлигини кўрсатди.

Шунга кўра, “Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 21 апрель куни ЎРҚ-1141-сонли Қонуни қабул қилинди ва ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонун, Бюджет кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунларга бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, қуйидагилар билан боғлиқ низоларни ҳакамлик судлари ҳал этмаслиги белгиланди:

- маъмурий, оилавий ва меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни;

- ер билан боғлиқ;

- бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш;

- бюджет тизими бюджетларидан ҳамда давлат органларидан, ташкилотларидан ва муассасаларидан, давлат иштирокидаги корхоналардан, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан пул маблағларини ундириш билан боғлиқ низоларни, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа низоларни ҳал этмайди.

Шунингдек, Ҳакамлик судьялари Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган махсус дастур асосида ўқув курсидан ўтиши ҳамда ўз билимларини ва касбий малакасини доимий равишда ошириб бориши кераклиги кўзда тутилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 175-9-модда киритилди ва унга кўра, ҳакамлик судларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳакамлик битими тарафлари сифатида иштирок этиши, шунингдек, ушбу субъектлар томонидан ҳакамлик суди қарорларининг қонунга хилоф равишда ихтиёрий ижро этилиши учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилди.

Шу билан бирга, ушбу ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима қўлланилиши белгиланди. Мазкур норма ҳакамлик судлари фаолиятида қонунийлик ва интизомни мустаҳкамлаш, давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.

Бундан ташқари, Бюджет кодексининг 29-моддасига киритилган қўшимчага мувофиқ, бюджет тизими маблағларини ундириш билан боғлиқ суд муҳокамаларида ваколатли молия ва ғазначилик органларининг иштироки кучайтирилди. Энди улар қонунда белгиланган тартибда судларда иштирок этиши, бюджет манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида аризалар, даъво аризалари ва шикоятлар киритиши, шунингдек, жиноят аломатларини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши белгиланди.

Бюджет кодексининг 187-моддасига киритилган ўзгартишлар орқали ғазначилик назорати тизими мустаҳкамланди. Жумладан, ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилмаган ёки рўйхатдан ўтказиш рад этилган шартномалар, шунингдек, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар асосида товарлар, ишлар ёки хизматларни қабул қилиб олиш тақиқланди. Бу эса, давлат маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, молиявий интизом бузилиши ва асоссиз мажбуриятлар юзага келишининг олдини олишга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларига киритилган ўзгартишлар суд ҳимоясининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган. Биринчи, Фуқаролик процессуал кодексининг 56-моддасига (Иқтисодий процессуал кодекснинг 65-моддасига) киритилган қўшимчага мувофиқ, ҳакамлик судьялари ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзларига маълум бўлган ҳолатлар юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги белгиланди. Мазкур норма ҳакамлик муҳокамасининг махфийлиги ва мустақиллигини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Иккинчи, Фуқаролик процессуал кодексининг 70-моддасига киритилган янги нормага кўра, муайян низо бўйича ҳакамлик муҳокамасида ҳакамлик судьяси сифатида иштирок этган шахс кейинчалик шу иш юзасидан суд муҳокамасида вакил сифатида қатнашиши мумкин эмас. Бу манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва суд муҳокамасининг холислигини таъминлашга хизмат қилади. Учинчи, Фуқаролик процессуал кодексининг 349-моддасига (Иқтисодий процессуал кодекснинг
223-моддасига) киритилган қўшимчага мувофиқ, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ҳакамлик суди ҳал қилув қарори қабул қилинган, аммо ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларга ҳам мазкур қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилди. Тўртинчи, Фуқаролик процессуал кодексининг 350-моддаси (Иқтисодий процессуал кодекснинг 224-моддаси) янги норма билан тўлдирилиб, ишда иштирок этмаган шахслар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақида ариза берганда зарур ҳужжатларни тақдим эта олмаган тақдирда, суд мазкур ҳужжатларни уларни сақлаётган шахслардан мустақил равишда талаб қилиб олиши мумкинлиги белгиланди. Бу эса, суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва процессуал адолатни таъминлашга хизмат қилади.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасига киритилган ўзгартишга мувофиқ, давлат харидлари жараёнида тузилган шартномаларни тегишли ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказиш талаби қўшимча равишда мустаҳкамланди. Мазкур норма давлат харидлари соҳасида молиявий интизом ва шаффофликни кучайтириш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни таъминлаш ҳамда асоссиз ёки қонун талабларига зид шартномалар тузилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Умуман олганда, ушбу қонун ҳакамлик суди институтини ривожлантириш ва уни замонавий талабларга мослаштиришда муҳим босқич бўлди.

Аниқроқ айтганда, қонун Конституциямизда белгиланган ҳуқуқий кафолатларни амалда таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат молиявий манфаатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу маънода, ушбу қонунни Янги Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал этиш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим комплекс ислоҳот сифатида баҳолаш мумкин.

 

Хоразм вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича

судьяси Х.Рахимов

Урганч туманлараро иқтисодий судининг раис ўринбосари

М.Бобоназаров

Мавзуга оид