s
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, айниқса аёллар ва болалар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланмоқда. Бу борада қабул қилинаётган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жамиятда адолат, қонунийлик ва инсон қадрини таъминлашга хизмат қилмоқда.
2026 йил 3 март куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ–33-сон Фармони ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим давоми ҳисобланади. Мазкур Фармон аёллар ва болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу каби ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни белгилаб берди.
Бу ҳужжат суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига ҳам бевосита дахлдор бўлиб, жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш амалиётини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Эрта никоҳнинг олдини олиш — ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси
Фармонда эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган. Никоҳ ёшига етмаган шахсларни никоҳ муносабатларига жалб қилиш ҳолатлари нафақат қонун бузилиши, балки жамиятнинг маънавий ва ижтимоий барқарорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланади.
Шу муносабат билан Фармонда эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш назарда тутилган. Хусусан, маҳалла органлари, таълим муассасалари, тиббиёт муассасалари ва ФҲДЁ органларига бундай ҳолатлар ҳақида ички ишлар органлари ва ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш мажбурияти юклатилмоқда.
Бу эса мазкур ҳуқуқбузарликларнинг латентлигини камайтириш ва уларни барвақт аниқлаш имконини яратади.
Фармонда ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим механизмлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, 2027 йилдан бошлаб ҳар икки тараф камида 21 ёшга тўлган ҳолда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилаларга давлат томонидан қўшимча имтиёзлар тақдим этилиши белгиланди.
Бундай оилалар ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, уларга ажратиладиган субсидиялар, грантлар ва бошқа молиявий кўмаклар белгиланган миқдордан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилиши назарда тутилмоқда.
Бу чоралар ёшларни оила қуришга масъулият билан ёндашишга ундаш, оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Фармонда жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш амалиётига ҳам муҳим ўзгаришлар киритилмоқда. Жумладан, Жиноят кодексининг 118, 119, 121, 128, 128¹ ва 129-моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга ошириш таклифи илгари сурилган.
Бу норманинг жорий этилиши мазкур турдаги жиноятлар бўйича тергов ишларининг сифатини ошириш, далилларни холис ва ҳар томонлама ўрганиш ҳамда жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Бу эса мазкур ишлар бўйича суд амалиётида профессионаллик ва адолат тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фармонда аёллар ва болаларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган чоралар ҳам назарда тутилган. Жумладан, вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этилган айрим оғир жиноятлар учун жазони оғирлаштириш, айрим ҳолларда эса умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бу каби чоралар жиноятчиликнинг олдини олиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Фармонда профилактика чораларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ҳимоя ордери берилган хотин-қизларга махсус мобил иловалар орқали тезкор ёрдам чақириш имкониятини яратиш, зўравонлик содир этган шахсларнинг руҳий ҳолатини текшириш ҳамда улар билан профилактик ишлар олиб бориш тартиби жорий этилмоқда.
Бу чоралар нафақат жиноятларнинг олдини олиш, балки жабрланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Фармонда аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Бу мақсадда оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида махсус медиамаҳсулотлар тайёрланиши белгиланган.
Шунингдек, таълим муассасаларида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид маърифий тадбирлар ўтказиш орқали ёш авлодда қонунга ҳурмат ва зўравонликка нисбатан муросасизлик ҳиссини шакллантириш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–33-сон Фармони аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчиликнинг ҳамкорлигини талаб этади. Айниқса, жиноят ишлари бўйича судлар фаолиятида бундай ишлар бўйича адолатли ва қонуний қарорлар қабул қилиниши жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим кафолати ҳисобланади.
Аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинган жамиятда тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт таъминланади. Шу маънода, мазкур Фармонда белгиланган чора-тадбирлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш ва адолат тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Житноят ишлари бўйича
Ҳазорасп туман судининг раиси Х.Сапаев