s
Жуда кўп бугалтерлар ва юристлар корпоратив муносабатларда иккиланадиган жойларидан бири - бу корхона мулкини муассис номига ўтказиш жараёни билан боғлиқ солиқ оқибатлари. Мазкур постда батафсил тушунтирамиз.
Агар корхона ўз фаолияти натижасида йил якунида соф фойда олган бўлса, баъзи ҳолатларда ушбу фойда ҳисобига кўчмас мулкни корхона муассисининг шахсий мулкига ўтказиш амалиёти учрайди. Бундай ҳолатда ҳуқуқий ва солиқ жиҳатидан нималарни эътиборга олиш керак?
Аввало, бинони муассисга бериш — оддий сотув эмас, балки дивиденд шаклида даромад тақсимоти сифатида баҳоланади. Солиқ кодексининг 41-моддаси 4-қисмига (https://lex.uz/docs/4674902) кўра, агар бино ёки бошқа актив корхона томонидан муассисга фойда ҳисобига берилаётган бўлса, бундай операция дивидендга тенглаштирилади. Бу шуни англатадики, ушбу мулкни бериш иқтисодий жиҳатдан пул кўринишидаги дивидендга баробар ҳисобланади.
Корхона муассиси (Ўзбекистон резиденти) ушбу дивидендни қабул қилар экан, Солиқ кодексининг 375-моддаси 2-банди, (https://lex.uz/docs/4674902) 381-моддаси 2-қисми (https://lex.uz/docs/4674902) ва 387-моддаси 1-қисми 3-бандига (https://lex.uz/docs/4674902) асосан, 5% ставкада жисмоний шахслар даромад солиғи (ЖШДС) тўлаши шарт.
Масалан, агар хусусий корхона ўз муассисига мулкни бефойда берса ва бу ҳужжатларда фойда ҳисобидан амалга оширилаётгани кўрсатилса, у ҳолда муассисга тегишли сумма дивиденд сифатида қаралади. Бунинг учун 5% миқдорида жисмоний шахслар даромад солиғи (ЖШДС) тўланиши лозим. Бу талаб Ўзбекистон резидентлари учун белгиланган солиқ ставкаси ҳисобланади.
Солиқ кодексининг 262-моддаси ва 264-моддасида белгилаб қўйилганидек, корхона томонидан ҳар қандай товар, хизмат ёки мулкий активларни бериш — бу реализация, яъни сотув ҳисобланади. Моддий активни муассисга берган корхона бу операцияни сотув сифатида ҳисобга олади ва солиқ базасига қўшади. Бу эса ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) ва бошқа солиқ мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин.
Масалан, “Zarafshon Qurilish Servis” хусусий корхонаси йил якунлари бўйича 200 млн сўм соф фойда олди. Ушбу корхона муассисга 150 млн сўм баҳоланган омборхонани топширади. Бу операция фойда тақсимоти доирасида амалга оширилгани сабабли, муассис 7,5 млн сўм (5%) даромад солиғи тўлаши керак бўлади. Шу билан бирга, корхона ҳам мазкур мулкни реализация деб ҳисоблаб, қўшимча солиқ мажбуриятларини бажаради.
Кўчмас мулкни корхонадан муассис номига ўтказишда, бу шунчаки мулкни бериш эмас, балки иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлари жиддий бўлган операция ҳисобланади. Солиққа тортиш ва ҳужжатларни расмийлаштиришда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш мақсадга мувофиқ. XIVA TUMAN YURIDIK XIZMAT KO`RSATISH MARKAZI BOSH YURISKONSULTI A.ABDUSHERIPOV