s
USD: Rub: Eur:
2024-09-18 933

Ҳаромдан хазар қилмайдиганлар ёхуд қўшмачиларга суд ҳукми ўқилди.

Инсоният пайдо бўлибдики яхши яшаш, фарзандларини пешана тери билан боқиш учун ҳалол меҳнат қилиб кун кўради. Аммо айрим кимсалар қинғир ишлар учун жазо муқаррарлигини билсаларда енгил-елпи йўллар билан даромад топиш илинжида энг жирканч ишлардан ҳам тап тортмайдилар. Айтилишининг ўзиёқ дилни хира қиладиган фоҳишалик, қўшмачилик азалдан қораланади. Қадимдан халқимизда “гуруч курмаксиз бўлмайди” деган ибора ҳам аслида бежиз айтилмаган, жамиятимизда бузуқчиликни касб қилиб аёллик шаънига доғ тушираётган кимсалар ҳам афсуски йўқ эмас.

Боғот туманида яшовчи Ойсара Мамажанова ҳам (исм-фамилияси ўзгартирилган) оилали, 2 нафар фарзанднинг онаси бўла туриб, муқаддам ҳам фоҳишалик ва қўшмачилик қилганлиги учун суднинг қора курсисида ўтириб чиққанлигига қарамасдан, ўзига тегишли хулосаларни чиқармаган кўринадики, яна қинғир йўл билан мўмай пул топиш мақсадида ўз яшаш уйида қўшмачилик қилишни мақсад қилган эди.

Хусусан, О.Мамажанова, илгари худди шундай содир қилган жинояти учун судланганлиги тугалланмасдан, хавфли рецидив ҳолатда, таниши Гулсара Тожиева (исм-фамилияси ўзгартирилган) билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 2024 йил 9 январь куни соат 21:30ларда, ўзининг вақтинча яшаб келаётган Боғот тумани, “Абу Райхон Беруний” маҳалласидаги уйига фуқаролар М.О (эркак) ва С.Ҳ (аёл)ларни киритиб, уларга ғаразли ёки бошқа паст ниятларда, фоҳишахона ташкил этишиб, уларнинг жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб беришлари эвазига, М.Одан 400.000 сўм пулларни олиб, О.Мамажановани уйининг ётоқхонасида қонунга хилоф равишда фоҳишахона ташкил қилганлар.

Ишни ўзича пишитган О.Мамажанова ва Г.Тожиеваларнинг режалари аслида хом ҳаёл бўлиб чиқади. Чунки, уларнинг нопок қилмиши ҳақида ИИБ тезкор гурухи томонидан О.Мамажанованинг йигит ва қизларга пул эвазига яшаш уйида фоҳишахона ташкил қилиб қўйганлиги ҳақидаги тезкор маълумотларга асосан унинг жиноий фаолиятига барҳам бериб, жиноят устида ушлаш мақсадида зудлик билан тезкор тадбир ўтказилиб, унга жалб қилинган шахслар иштирокида ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўз ниҳоясига етказилиб, қўшмачи аёлларнинг қинғир иши фош этилади.

Судда гувохларнинг кўрсатмаси ва далилий ашёларнинг мавжудлиги оқибатида О.Мамажанова ва Г.Тожиевалар ўз кирдикорларини тан олишига тўғри келди. Улар судга енгиллик қилишини, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини, қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб кўрсатма бердилар. Аммо қилинган хар бир жиноят учун албатта жазо муқаррар.

Судда илгарилари ҳам худи шу каби қилмишларни содир қилган О.Мамажанова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 131-моддаси 4-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, унга уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва дарҳол суд залидан қамоққа олинди.

Шунингдек, суд иккинчи иштирокчи Г.Тожиеванинг оилавий ва моддий ахволини инобатга олиб, уни уч йил муддатга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилди.

Барчамиз унутмайликки эртага ўйламай қилинган ҳар қандай қилмиш бир кун келиб албатта юзага чиқади. Оқибатда нафақат ўзимиз, балки фарзандларимиз келажагига ҳам салбий таъсир қилиб қолиши мумкин. Мўмай пул илинжида ҳар қандай разилликка қўл уришга тайёр, номуси ва ориятини унутган кимсалар алал оқибат муқаррар жазога рўбарў бўлади.

Хоразм вилоят суди судьяси

Д.Муратов

Мавзуга оид