s
Тарих — миллатнинг хотираси. Хотира мустаҳкам бўлган жамиятнинг келажаги ҳам ишончли бўлади. Шу боис ҳар бир архив ҳужжати нафақат маълум бир даврнинг расмий гувоҳи, балки халқнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва маданий ҳаётини ўзида мужассам этган бебаҳо манба ҳисобланади. Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган бир пайтда архив ишини ҳам замон талаблари асосида такомиллаштириш, уни рақамли форматга ўтказиш ва фуқаролар учун янада очиқ ҳамда қулай тизимга айлантириш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бирига айланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат бошқарувини рақамлаштириш, давлат хизматларини аҳоли учун янада тезкор ва шаффоф ташкил этиш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда инсон омили таъсирини камайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнларда архив соҳаси ҳам алоҳида аҳамият касб этиб, унинг фаолиятини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар изчил такомиллаштирилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги ПФ–228-сон «Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони архив соҳасини тубдан янгилашга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур Фармон билан 2030 йилга қадар архив тизимини рақамли ривожлантиришнинг аниқ мақсадлари ва устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Жумладан, Миллий архив фонди ҳужжатларининг 60 фоизини рақамлаштириш, архив хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, давлат хизматларини кўрсатиш муддатини камида уч баравар қисқартириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ҳамда архив ахборот тизимини давлат органларининг электрон платформалари билан тўлиқ интеграция қилиш каби вазифалар мамлакатимизда рақамли давлат бошқарувини шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Фармонга мувофиқ архив ҳужжатларини рақамлаштириш босқичма-босқич амалга оширилади. Дастлаб алоҳида қимматли ва ноёб архив ҳужжатлари, шунингдек ер ва мол-мулк муносабатларига оид ҳужжатлар рақамли форматга ўтказилади. Кейинги босқичларда кино, фото, фоно ва илмий-техник архив ҳужжатлари рақамлаштирилади. Учинчи босқичда эса Миллий архив фондида сақланаётган барча ҳужжатларни тўлиқ рақамлаштириш ишлари якунланади.
Архив соҳасидаги энг муҳим янгиликлардан бири — «Ягона миллий архив ахборот тизими»нинг жорий этилишидир. Мазкур тизим орқали рақамлаштирилган ҳужжатлар ягона электрон базага жойлаштирилади, уларнинг хавфсиз сақланиши таъминланади ҳамда фуқаролар архив маълумотларидан масофадан туриб фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Бу эса давлат хизматлари сифатини ошириш, ортиқча вақт сарфи ва қоғозбозликни қисқартиришга хизмат қилади.
Фармонда архив ҳужжатларининг хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, алоҳида қимматли архив ҳужжатларини ҳисобга олиш ва кузатиб бориш мақсадида RFID (радиочастотали идентификация) технологиясини жорий этиш белгиланган. Ҳар бир архив ҳужжатига уникал идентификация рақами берилиши уларнинг ҳаракатини аниқ назорат қилиш, сақланишини таъминлаш ҳамда йўқолиш ёки шикастланиш хавфини минималлаштириш имконини яратади.
Фармоннинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири — «Шажара» ахборот тизимининг жорий этилишидир. Мазкур тизим фуқароларга IX асрдан буён сақланаётган архив маълумотлари асосида ўз авлодлари тарихи ҳақида онлайн маълумот олиш имконини беради. Сунъий интеллект технологиялари ёрдамида қариндошлик алоқаларини аниқлаш имконияти яратилиши эса нафақат архив соҳаси, балки миллий тарих ва маданий меросни ўрганишда ҳам янги босқични бошлаб беради.
Электрон архивлар анъанавий архив тизимларига нисбатан бир қатор устунликларга эга. Энг аввало, улар ҳужжатларнинг ишончли сақланишини таъминлайди, маълумотларни қисқа вақт ичида излаб топиш имконини яратади, захира нусхаларини шакллантириш орқали архив хавфсизлигини кучайтиради. Шу билан бирга, электрон архивлар давлат органлари ўртасида ахборот алмашинувини тезлаштириш, бошқарув самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда архив соҳасини рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар суд тизимида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, Хоразм вилояти судларининг идоравий архивларида сақланаётган суд ҳужжатларини электрон шаклга ўтказиш, уларни тизимлаштириш ва рақамли архив базасини шакллантириш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Бу нафақат архив ҳужжатларининг ишончли сақланишини таъминлаш, балки суд фаолиятида тезкорлик, очиқлик ва самарадорликни янада оширишга хизмат қилмоқда.
Бугун архивларни рақамлаштиришни фақатгина ҳужжатларни электрон кўринишга ўтказиш жараёни сифатида баҳолаш тўғри эмас. Бу — давлат бошқарувини модернизация қилиш, ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш, миллий тарихий меросни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга тўлиқ етказишга қаратилган стратегик вазифадир. Зеро, рақамли архив — бу нафақат кечаги куннинг ишончли гувоҳи, балки эртанги тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворидир. Шу маънода архив соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Янги Ўзбекистоннинг рақамли тараққиёт йўлидаги энг муҳим қадамларидан бири сифатида ўзининг юксак аҳамиятини сақлаб қолади.
Зинаида Матсапаева, Хоразм вилоят судининг архив мудири