s
Бугунги кунда автомобил нафақат кундалик эҳтиёжни қондирувчи транспорт воситаси, балки катта қийматга эга мол-мулк сифатида ҳам эътироф этилади. Шу боис уни сотиш ёки сотиб олиш жараёнида ҳар бир ҳуқуқий ҳаракатнинг қонун талабларига мувофиқ амалга оширилиши муҳим аҳамият касб этади. Акс ҳолда, эътиборсизлик билан расмийлаштирилган битим ёки тўлиқ текширилмаган ҳужжатлар келгусида мулкий низолар, ортиқча сарсонгарчилик ва молиявий йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан автомобил олди-сотди шартномасини нотариал тартибда расмийлаштириш тарафларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг ишончли ҳуқуқий механизмларидан бири ҳисобланади.
Фуқаролик муносабатларида ҳар қандай шартнома тарафларнинг ўзаро келишувини ифодалайди. Бироқ автомобил олди-сотди шартномаси оддий келишувдан кўра кенгроқ ҳуқуқий аҳамиятга эга. Чунки мазкур битим орқали қимматли мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи бир шахсдан бошқасига ўтади. Шунинг учун ҳам шартномани тузиш жараёнида қонунчиликда белгиланган талабларга қатъий риоя этилиши лозим.
Нотариуснинг ушбу жараёндаги иштироки фақат шартномани тасдиқлаш билан чекланмайди. Аввало, нотариус битим иштирокчиларининг шахсини аниқлайди, уларнинг ҳуқуқий лаёқати ва муомала лаёқатини текширади, битим ихтиёрий равишда тузилаётганига ишонч ҳосил қилади ҳамда шартнома мазмуни ва унинг ҳуқуқий оқибатларини тарафларга тушунтиради. Бу эса келгусида “мен шартноманинг мазмунини тушунмаганман”, “ҳужжатга босим остида имзо чекканман” каби эътирозларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Автомобил олди-сотди шартномасини расмийлаштириш чоғида нотариус транспорт воситасига оид ҳуқуқий маълумотларни ҳам текширади. Жумладан, автомобилнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, унга нисбатан тақиқ ёки хатлов мавжуд эмаслиги, гаров объекти ҳисобланмаслиги, мулк ҳуқуқи қай тартибда вужудга келгани каби ҳолатлар тегишли ахборот тизимлари орқали аниқланади. Бу эса харидор учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади. Зеро, ҳуқуқий нуқсонларга эга бўлган транспорт воситасини сотиб олиш кейинчалик жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Амалиётда баъзан фуқаролар автомобилни яқин танишлари ёки қариндошлари орқали ҳеч қандай расмий шартномасиз, оддий тилхат ёки оғзаки келишув асосида сотиб олиш ҳолатларига йўл қўядилар. Айрим ҳолларда эса транспорт воситасидан фақат ишончнома асосида фойдаланиш билан чекланадилар. Ваҳоланки, ишончнома мулк ҳуқуқини бермайди. У фақат муайян ҳаракатларни амалга ошириш ваколатини беради, холос. Мулк ҳуқуқи эса фақат қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси асосида вужудга келади. Бу жиҳатни ҳар бир фуқаро яхши англаб етиши зарур.
Шартнома расмийлаштирилаётганда автомобилнинг русуми, модели, ишлаб чиқарилган йили, давлат рўйхат рақами, идентификация (VIN) рақами, кузов ва двигатель рақамлари, техник паспорти маълумотлари, сотиш баҳоси ва ҳисоб-китоб тартиби каби муҳим маълумотлар аниқ ҳамда тўлиқ кўрсатилиши талаб этилади. Ҳар қандай техник ёки ҳуқуқий хатолик кейинчалик шартномани бажаришда қийинчиликлар туғдириши мумкин. Шу боис нотариус ҳужжатлардаги маълумотларнинг ўзаро мослигига алоҳида эътибор қаратади.
Нотариал тасдиқлашнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, нотариус тарафларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини батафсил тушунтиради. Масалан, сотувчи автомобилнинг ҳуқуқий ва техник ҳолати ҳақида ҳаққоний маълумот беришга мажбур экани, харидор эса шартномада назарда тутилган тартибда ҳисоб-китобни амалга ошириши ва транспорт воситасини ўз вақтида ўз номига расмийлаштириши лозимлиги ҳақида ҳуқуқий тушунтиришлар берилади. Бу эса битим иштирокчиларининг ҳуқуқий онги ва масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, нотариал тартибда расмийлаштирилган шартнома келгусида юзага келиши мумкин бўлган низоларда муҳим далил сифатида хизмат қилади. Чунки нотариал ҳаракат амалга оширилганида ҳужжатнинг қонун талабларига мувофиқлиги, тарафларнинг эрки ва хоҳиш-иродаси эркин ифода этилгани ҳамда шартнома мазмуни тушунтирилгани тасдиқланади. Бу эса ҳуқуқий аниқлик ва ишончни таъминлайди.
Ҳуқуқий муносабатларда эҳтиёткорлик энг яхши ҳимоядир. Автомобил харид қилишда унинг ташқи кўриниши ёки техник ҳолатини баҳолаш қанчалик муҳим бўлса, ҳуқуқий ҳолатини текшириш ҳам шунчалик аҳамиятлидир. Нотариус айнан шу ҳуқуқий хавфларни бартараф этишга хизмат қиладиган мустақил ва холис ҳуқуқшунос сифатида битимнинг қонунийлиги таъминланишига ҳисса қўшади.
Хулоса қилиб айтганда, автомобил олди-сотди шартномасини нотариал тартибда расмийлаштириш қонун талабини бажариш билан бирга, ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Ҳужжатларни синчиклаб текшириш, битимнинг ҳуқуқий оқибатларини англаб имзо қўйиш ҳамда нотариуснинг ҳуқуқий маслаҳатларига амал қилиш келгусида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олади. Зеро, ҳуқуқий жиҳатдан пухта расмийлаштирилган ҳар бир шартнома фуқароларнинг мулкий муносабатларида ишонч, барқарорлик ва қонунийликни таъминлайдиган мустаҳкам пойдевордир.
Илхомбой Худайберганов, Урганч шаҳридаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Худайберганов Руслан Шаназаровичнинг нотариал идораси стажёр нотариуси