s
2017 йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” янги таҳрирдаги 445-сонли қонуни қабул қилинган.
Қонуннинг 1-моддасига кўра ушбу Қонуннинг мақсади давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши давлат иштирокидаги ташкилотларга ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши:
кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонунчилик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган мурожаатларга;
давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди (Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” қонуни айрим моддаларининг мазмун-моҳиятини батафсил тушунтириб ўтиш).
Мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра аксарият ҳолларда маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан судга мурожаат қилиш тартибларини билмаганликлари сабабли, талабларини судга мурожаат тариқасида йўллаганликлари кўринади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 185-моддасида, манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли, унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган, унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган ёки унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Шунга кўра, маъмурий органнинг ёки улар мансабдор шахсларининг нотўғри деб ҳисобланган қарорлари, хатти-ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг
128, 130-моддаларига мувофиқ туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиш мумкин бўлади.
Шунингдек, айрим тоифа мурожаатчилар томонидан суд қарорлари устидан юқори инстанция судларига тегишли тартибда шикоят берилмасдан, мурожаат йўллаш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 200-моддасида ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти ва ушбу Кодекснинг 224-моддасида ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақли эканлиги кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 249-моддаси 1-қисмига кўра туманлараро маъмурий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори, ажрими устидан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно), Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 249-моддаси 2-қисмига кўра Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, ушбу судлар тафтиш инстанциясининг суд ҳужжатлари ва ушбу судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно), Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари тафтиш тартибида шикоят қилишлари (протест келтиришлари) мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 249-моддаси 3-қисмига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек тафтиш тартибида қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси — ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатига асосан;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори — прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича ёки қонунда прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган бўлиб, бироқ у суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмасдан кўрилган иш бўйича, шунингдек бошқа ишлар бўйича ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига тафтиш тартибида протест келтириши мумкин.
Шуларга кўра, юқорида қайд этилган шахслар иш бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилишлари (протест келтиришлари) мумкин бўлади.
Судда фуқароларнинг кунлик қабуллари йўлга қўйилиб, аҳолининг тўғридан-тўғри мурожаат қилиши учун шарт-шароитлар яратилган ва уларнинг мурожаатлари ўз вақтида ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилиб, улар юзасидан қонуний тушунтиришлар берилиб ёки қарорлар қабул қилиниб келинмоқда.
Хоразм вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси, мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим У.Матмуродов