s
Мулкий муносабатларни тартибга солишда даъво муддатларининг қонун билан белгиланиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки, даъво муддатининг белгиланиши, ҳуқуқий муносабатларни мустахкамлашга, қарзнинг ундирилиши, мажбуриятнинг бажарилиши тўғрисидаги талаблар ўз вақтида бажарилишини таъминлашга, ташкилотлар ҳамда фуқаролар ўртасида шартнома шартларини таъминлашга ёрдам беради.
Суд амалиётида фуқаролик ишлари бўйича даъво муддатини рад қилиниши аксарият ҳолларда даъво муддатини қўллаш орқали ҳал қилинади.
Шу сабабли, даъво муддатини тушунчаси ҳамда даъво муддатини ўта бошлашини билиш муҳим аҳамиятга эга.
Даъво муддати деб шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатга айтилади.
Ҳуқуқи бузилган шахс(фуқаро ёки ташкилот) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши тўғрисида даъво қўзғатиши мумкин.
Агар даъво ариза қонун билан белгиланган муддат давомида берилган бўлса, суд ишнинг мазмуни бўйича даъвони қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаради.
Судлар томонидан даъво муддатини тўғри қўллаётган бўлишса-да, даъво муддатини тўғри ҳисоблаш учун унинг вақтини тугатиш масаласи муҳим аҳамиятга эга.
Чунки, даъво муддатининг тугаши даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан ўта бошлайди. Бундай ҳуқуқ, яъни даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди.
Даъволарнинг турларига қараб даъво муддати ўтишининг бошланиши пайти бир ҳил саналмайди, жумладан бажариш пайти кўрсатилган мажбуриятлар бўйича даъво муддатининг ўтиши бажариш муддатининг охирги кунидан бошланади.
Масалан, бирор ташкилот 2019 йил 10 декабрда уй-жойни топшириш шарти бўйича фуқаро билан ўзаро тегишли шартнома тузишган бўлса, даъво муддатининг ўтиши шу йил 11 декабрь куни соат 00- у 01 дақиқадан ўта бошлайди. Бу вақтдан аввал фуқаро юридик шахсга нисбатан ўз талабини қўйишга ҳақли эмас.
Бажариш муддати кўрсатилмаган ёки кредитор томонидан талаб қилиши пайти белгиланган мажбуриятлар бўйича даъво муддатининг ўтиши мажбуриятлар вужудга келган пайтидан бошланади. Бировга зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича даъво муддатининг ўтиши жабрланган шахснинг ўзига зарар етказилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан ўта бошлайди.
Баъзи даъволар бўйича даъво муддати ўтишининг бошланиши тўғрисида махсус қоидалар белгиланган. Чунончи, юк ташиш шартномаси юзасидан юк ташувчига нисбатан даъво қилиш учун белгиланган икки ойлик муддатнинг эътироз билдирувчи томонидан жавоб олинган ёки жавоб бериши учун белгиланган муддатнинг ўтган кунидан бошланади.
Хулоса қилиб айтсак, даъво муддатларнинг белгиланиши ташкилот ва фуқароларнинг ҳуқуқ вақонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларни мустаҳкамлашга катта ёрдам беради.
А.Маткаримов, Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси