s
Барчага маълумки, кейинги вақтларда Интернет жаҳон ахборот
тизимидаги янгиликларда, Интернетдаги ижтимоий тармоқларда аёлларга ва
вояга етмаган қизларга нисбатан қилинган шаҳвоний шилқимликлар кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун жавобгарлик?
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддасида, Шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш, - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, - базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 129-моддасида. Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш, - икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар: а) алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан; б) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан; в) ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан; г) ногиронлик белгисига эга эканлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан; д) такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 118, 119, 121 ва (ёки) 128-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан; е) яқин қариндошига ёки бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга нисбатан; ж) жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ва (ёки) унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан, шунингдек жабрланувчига қараб туриш мажбуриятлари қонун билан зиммасига юклатилган таълим, тарбия, даволаш ёки бошқа муассасанинг ходими томонидан содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб содир этилган бўлса, - беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Зафар Мадрахимов, Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг тергов судьяси