s
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддаси 3-қисми, Оила кодекси 4-моддасига мувофик, Ўзбекистон Республикасида оила, оталик, оналик ва болалик давлат ҳимоясидадир.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан ота-онанинг ўз боласига бўлган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш охирги чора бўлиб, ушбу масала фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан суд муҳокамасида ҳал қилинади.
Суд ота ёки оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги ишларини кўрилишида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ булган низоларни хал килишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 1998 йил 11 сентябрдаги 23-сонли қарори, Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги Қонуни, Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги Қонунларга асосланади.
Суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ота (она)нинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг), прокурорнинг, шунингдек вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти юклатилган орган ёки муассасаларнинг (васийлик ва ҳомийлик органи, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муассасалари ҳамда бошқа муассасаларнинг) даъвосига биноан кўрилади.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади.
Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади.
Оила кодексининг 79-моддасига кўра, ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:
ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;
узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;
ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;
муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;
ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Хоразм вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2025 йилда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлик жами 52 фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, шундан 30 таси қаноатлантирилган, 14 таси рад этилган ва 8 таси кўрмасдан қолдирилган.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш оқибатлари шундан иборатки, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота ёки она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.
Хоразм вилоят суди судьяси М.Йўлдошева