s
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими раиси.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар, барча-барча ахборот тарқатувчи фуқароларга.
Қадрли ахборот тарқатувчи! Ушбу мурожаатим орқали билдираётган айрим тавсияларимни тўғри қабул қилишингизни истайман. Зеро, давлатнинг ўз қонунлари, тартиб-таомиллари, қоидалари мавжуд. Шу ижтимоий ҳаётда яшар эканмиз, албатта қонунларга итоат қилмоғимиз зарур.
Ижтимоий тармоқларда турли хил мазмундаги хабар ва ахборотларни тарқатиш баробарида, уларнинг тўғри ва холислигига жиддий аҳамият берилиши ўта муҳим жараёндир. Чунки, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатиш Ўзбекистон Республикасининг конституциявий меъёрлари ҳамда тегишли қонунчилик талабларининг бузилиши ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликка риоя қилмаслик эса маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-моддасида туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга, 41-моддасига кўра ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Жиноят Кодекси 244-моддасида "Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек, фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, дея белгилаб қўйилган.
БУ БОРАДА ИСЛОМДА НИМА ДЕЙИЛГАН?
Айблов, ғийбат, туҳмат, одамларни орқасидан ёмонловчилар ҳақида, муқаддас Қуръони Каримда, Муқаддас ислом динимизда ва саҳиҳ ҳадисларда келган ишончли манбааларга юзланамиз.
Аллоҳ таоло “Ҳумаза” сурасида шундай марҳамат қилади: (Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсага вайл бўлсин. (Ҳумаза сураси 1 оят). Ояти каримадаги “вайл” сўзидан “ҳалок бўлиш”, “бахтсизлик”, “зиён” маънолари ёки жаҳаннамдаги бир водий ирода қилинган.
“Ҳумаза” сўзининг машҳур маъносидан бошқа маънолари ҳам бор. Улар қуйидагилар:
“Ҳумаза” сўзининг ҳам машҳур маъносидан бошқа маънолари бор. Улар қуйидагилар:
Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло уларни: “Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай”, (Хумаза: 1) - деб огоҳлантирди. Улар одамларни гаплари ва ҳаракатлари билан айблайдилар. Ҳолбуки улар, нафрат ва таҳқирга лойиқдирлар. Нега лойиқ бўлмасинлар? Ахир улар бўҳтон, ғийбат, чақимчилик, хиёнат, гина, ҳасад ва алдовни тарк этмаяптилар-ку! Шунинг учун ҳам, қабр азобининг сабабларидан бири - одамлар ўртасида гап ташиб, чақимчилик қилишдир.
Зеро, Ҳақ ҳузурида бошқаларнинг айби эмас, балки ўзимизнинг айбимиз сўралади. Огоҳ бўлайлик!
ЖИНОЯТ КОДЕКСИДА
Жиноят Кодексининг 139-моддасида “Туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, - дея белгиланган.
Туҳмат:
а) оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб;
б) оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда;
в) хавфли рецидивист томонидан;
г) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса, - бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
ҚАДРЛИ АХБОРОТ ТАРҚАТУВЧИ!
Мамлакат конституцион ҳуқуқлари, қонунлари ва муқаддас Ислом динининг кўрсатмалари қанчалик бир-бирига мантиқан яқин ва ўхшашлигини англаш қийин эмас. Жамиятимиз, юртимиз тинчлиги, фаровонлиги йўлида татбиқ қилинган ушбу тартиблар ва ҳукмлар нақадар адолатли ва ҳаётийдир. Огоҳ бўлинг!
Ғараз ва нафратлардан, туҳмат ва бўҳтонлардан йироқда, оғзибирчилик, бирдамлик яхши ва эзгу шиоримизга айлансин. Шу кунларнинг шарофати учун, шукроналик билан яшайлик.
Юқоридагилардан хулоса шуки, инсон қилган барча ноҳақликлари, дилозорликлари учун бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам жавобгардир. Одамларнинг обрўсига, шаъни ва қадр-қимматига тил тегизишдан эҳтиёт бўлайлик. Ҳамиша ва ҳар ерда юзи ёруғлардан, қалби равшанлардан бўлиш насиб қилсин!