s
USD: Rub: Eur:
2026-06-30 812

Мавзу: Қарз ундириш

 

Қарз ундириш — бу қарз олувчи томонидан шартнома ёки қонун асосида олинган пул маблағлари ёхуд бошқа мол-мулкни белгиланган муддатда қайтармаган тақдирда, қарз берувчи шахснинг ўз талабини ҳуқуқий тартибда амалга ошириб, қарзни мажбурий равишда ундириш жараёнидир.

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда қарз одатда ёзма шартнома, тилхат, банк кредит шартномаси ёки бошқа ҳуқуқий асослар орқали юзага келади.

Қарз ундириш муносабатлари асосан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Ушбу кодексда қарз мажбуриятлари, уларнинг бажарилиши, муддатлари ҳамда мажбурият бажарилмаган ҳолатда қўлланиладиган ҳуқуқий оқибатлар белгиланган.

Шунингдек, суд тартибида қарз ундириш ишлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси нормаларига мувофиқ амалга оширилади.

Қарз ундириш одатда икки асосий тартибда амалга оширилади:

Ихтиёрий тартибда ундириш - Қарз берувчи қарз олувчига қарзни қайтариш бўйича талабнома (ёзма билдириш) юбориши мумкин. Бу босқичда томонлар ўзаро келишув асосида масалани ҳал қилишга ҳаракат қилади.

Суд тартибида ундириш- Агар қарз ихтиёрий равишда қайтарилмаса, қарз берувчи судга даъво аризаси билан мурожаат қилади. Суд қарз муносабатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни аниқлайди:

қарзнинг мавжудлиги ва миқдори;

қарзни олиш ва қайтариш бўйича шартлар;

муддатнинг бузилган-бузилмаганлиги;

тарафлар ўртасидаги далиллар (тилхат, шартнома, банк ҳужжатлари ва бошқалар).

Исботлаш ва далиллар- Қарз ундириш ишларида асосий аҳамият далилларга қаратилади. Далиллар сифатида: қарз шартномаси, тилхат, банк ўтказмалари, бошқа молиявий ҳужжатлар хизмат қилади.

Қарз ундириш институти фуқаролик муомаласида шартнома интизомини таъминлашга хизмат қилади. У қарз берувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ҳамда иқтисодий муносабатларда адолатни қарор топтиришга қаратилган ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Урганч туманлараро суди судьяси                                   М.Матякубов

Мавзуга оид