s
USD: Rub: Eur:
2025-06-15 878

Қалбаки чипта орқали 7 миллион сўмга яқин маблағни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган шахсга суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди

2024 йил 25 июль куни Хоразм вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида ўтказилган очиқ суд мажлисида, фуқароларни алдаш орқали моддий зарар етказган шахсга нисбатан аввал чиқарилган суд қарорлари ўз кучида қолдирилди.

Мазкур иш бўйича, бир хусусий туристик компания раҳбари 2024 йил февраль ойида икки нафар фуқарони “Урганч–Санкт-Петербург” йўналиши бўйича авиачипта расмийлаштириб бериш ваъдаси билан алдагани аниқланган. У улардан жами 7 376 000 сўм пулни олган ва компьютер ёрдамида қалбаки авиачипталар тайёрлаб тақдим этган.

Тергов ва суд жараёнларида маълум бўлишича, айбланувчи ушбу ҳаракатларини ўз хизмат жойида амалга оширган ва қалбакилаштирилган чипталар “Uzbekistan Airways”нинг расмий бронлаштириш тизимида мавжуд эмаслиги аниқланган.

Суд унинг қилмишини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг:

  • 168-моддаси 3-қисми “б” банди (такроран фирибгарлик),
  • 228-моддаси 2-қисми “а” банди (қалбаки ҳужжат тайёрлаш ва фойдаланиш)

билан тўғри квалификация қилган ва айбдор деб топиб, иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 1 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаган.

Айбланувчи моддий аҳволини ҳисобга олиб, жазони жаримага ўзгартиришни сўраб шикоят қилган бўлса-да, тафтиш инстанцияси бу шикоятни асосли деб топмади.  Суд ҳайъати, жиноятнинг оғирлиги, унинг жамиятга хавфлилик даражаси, содир этилган ҳаракатлар миқёси ва айбдор шахснинг шахсий ҳолатларини инобатга олган ҳолда, жиноят учун тайинланган жазо адолатли эканини таъкидлади. Шу тариқа, биринчи инстанция суди ҳукми ва апелляция ажрими ўзгаришсиз қолдирилди, шикоят эса қаноатлантирилмади.

Акбар Аминов, Хоразм вилоят суди судьяси

Мавзуга оид