s
USD: Rub: Eur:
2025-12-03 625

Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1092-сонли Қонуни: вояга етмаганлар жавобгарлигида инсонпарварлик ва профилактика тамойиллари

2025 йил 23 октябрда қабул қилинган ЎРҚ-1092-сонли Қонунга мувофиқ, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик тартиби сезиларли даражада либераллаштирилди. Қонунга киритилган ўзгартишлар ёшлар билан ишлашда жазолаш эмас, балки уларни жамиятга қайта қайтариш, хатолардан тўғри хулоса чиқаришга ёрдам беришга қаратилган янги ҳуқуқий ёндашувни акс эттиради.

Ушбу қонунга кўра, агар шахс 18 ёшга тўлгунга қадар содир этган жинояти учун белгиланган жазони тўлиқ ўтаб бўлган бўлса, у судланмаган деб ҳисобланади. Бу норма ёшларнинг келажакдаги ҳаётида, жумладан, таълим, ишга жойлашиш ва ижтимоий фаолиятда иштирок этишда улар учун янада кенг имкониятлар яратади. Шу билан бирга, мазкур имтиёз «ўта оғир» тоифадаги жиноятларга тааллуқли эмас ва 18 ёшга тўлгунга қадар қайтарилган қасддан такрорий жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди. Бу эса ҳуқуқий ёндашувда инсонийлик ва хавфсизлик ўртасидаги мувозанатни таъминлашга хизмат қилади.

Қонун билан озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш каби жазоларнинг минимал муддатлари ҳам қайта кўриб чиқилди. Илгари олти ойдан кам бўлмаган бундай жазо энди бир ойдан бошлаб қўлланилиши мумкин. Жазони қисқартириш, аввало, ижтимоий хатар даражаси паст бўлган, тарбия ва психологик ёрдам орқали тезроқ тўғри йўлга қайта оладиган ёшлар учун мақбул имконият ҳисобланади.

Ўзгаришларнинг қўлланилиши амалда бир нечта муҳим натижаларни бериши кутилмоқда. Биринчидан, ёшларга нисбатан ҳаддан ташқари қаттиқ жазо чоралари қўлланилишининг олди олинади. Иккинчидан, судланганлик ҳақидаги маълумотнинг йўқолиши ёшларнинг келгуси ҳаётида ижтимоий мослашувини енгиллаштиради, уларда ижтимоий масъулият, меҳнат маданияти ва ҳуқуқий онгни кучайтиради. Учинчидан, жиноятчилик профилактикасида тарбия, реабилитация ва профилактик ишларнинг аҳамияти янада оширилади.

Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва таълим муассасалари учун қўшимча вазифалар юзага келади: ёшлар билан ишлашда педагогик, психологик ва ижтимоий дастакларни кучайтириш, уларни жиноятга тортадиган омилларни бартараф этиш, оилавий ва жамиятдаги муҳитни соғломлаштириш талаб этилади. Хусусий ҳолларда суднинг тўғри ва адолатли баҳолаши, «ўта оғир жиноят» тоифасини аниқ ва бир маъноли қўллаш ҳам долзарб аҳамият касб этади.

ЎРҚ-1092-сонли Қонун амалиётга инсонпарварлик, адолат ва профилактикага асосланган янги ёндашувни жорий қилди. У ёшлар билан ишлашда жиноий жазо эмас, балки ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва қайта тарбиялашни устувор деб биладиган ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга қаратилган. Қонун қўлланилиши ёш авлоднинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга, рецидив жиноятчиликни камайтиришга ва ижтимоий барқарорликка хизмат қилади.

 

Жиноят ишлари бўйича Боғот
туман судининг девонхона мудири                                   А.Шамуратов

Мавзуга оид