s
USD: Rub: Eur:
2025-05-28 936

Мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари.

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини берди.

Натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжуд.

Шу сабабдан, “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 11 мартдаги ЎРҚ-1047-сонли қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ҳам қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Ушбу кодекс 166-моддаси “Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади» мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди.

Шунингдек, «Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади» мазмунида бешинчи қисм билан тўлдирилди.

Худди шундай ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 209-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 144-моддасига ҳам киритилди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Урганч туманлараро иқтисодий

судининг судьяси                                                      М.Бобоназаров

Мавзуга оид