s
Ушбу фармон билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига янада қулай шароит яратиш мақсадида “Рақамли суд” концепциясини амалиётга татбиқ этиш назарда тутилмоқда.
“Рақамли суд” концепцияси асосида кўриладиган ишларнинг тўлиқ электронлаштирилиши фуқароларга ҳужжатлардан нусха олиш, суд ишлари мазмуни билан танишиш, аризаларнинг судловга оидлигини, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларни онлайн текшириш имконини беради.
Сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши эса суд харажатларини ҳисоблаш, суд муҳокамасининг тахминий натижасини олдиндан ҳисобга олиш, мурожаатларни электрон юбориш, суд мажлиси баённомаларини реал вақт режимида тайёрлаш каби қулайликлар яратилишига хизмат қилади.
Шунингдек, махсус my.sud.uz порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модули ишга туширилади. Бу орқали юртдошларимиз виртуал ҳуқуқий маслаҳатчи ёрдамидан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Муҳим янгиликларнинг яна бир эътирофли жиҳати шундаки, эндиликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви тартибга солинади. Хусусан, санкциялар ва мажбурлов чоралари бўйича тергов ва суд органлари ахборот тизимлари интеграция қилинади, маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга вазирлик ҳамда идоралар томонидан ҳужжатларни судга тақдим этилиши тўлиқ электронлаштирилади.
Шунингдек, иқтисодий суд тизими мақбуллаштирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар ташкил қилинмоқда. Бу тадбиркорлар ўз фаолиятида дуч келадиган ҳуқуқий муаммоларда судга мурожаат қилишнинг қулайроқ усулидан фойдаланишига замин яратади.
Зафар Исаков
Хоразм вилоят судининг судьяси