s
USD: Rub: Eur:
2025-06-15 911

Синф раҳбари синф хонасини ўз ҳисобидан таъмирлашга мажбурми?

Assalomu alaykum  sinf rahbari sinf xonasini keyingi o'quv yili uchun o'z hisobidan ta'mirlashga majburmi?

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган “Умумтаълим мактаби тўғрисида”ги низомнинг IV бўлими мактабларнинг молия-хўжалик фаолиятига бағишланган. Мазкур бўлимда мактабнинг молиявий маблағи давлат бюджети ва мактабнинг бошқа манбалардан ташкил топувчи ўз маблағлари ҳисобига шакллантирилиши белгиланган. Мактабнинг молиявий маблағлари унинг тўла ихтиёрида бўлиб, уни тақсимлаш ҳуқуқи Мактаб кенгашига тегишлидир. 

Мактабнинг ўз маблағлари қуйидаги асосий манбалар ҳисобига шаклланиши мумкин:
 мактабнинг хўжалик фаолиятидан, мактаб томонидан кўрсатилган пулли хизматлардан, мактаб биноси ва жиҳозларини ижарага беришдан олинган даромадлар;
 давлат, ташкилотлар, ота-оналар ва бошқа фуқароларнинг ихтиёрий бадаллари;
 мактаб устахоналари, мактаб участкаси ва иссиқхоналари маҳсулотларини сотишдан тушган даромадлар.
Мазкур қоиданинг мазмунидан кўриниб турибдики, мактаб фақат ихтиёрийлик асосида ота-оналар ва бошқа фуқаролар(ўқитувчилар ҳам шулар қаторига киради)дан пул маблағлари қабул қилишга ҳақли.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг 2018 йил 26 декабрдаги 16-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақида”ги наъмунавий низомнинг 31-бандига мувофиқ таълим муассасасида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли хил сабаблар билан Кенгаш аъзолари, таълим муассасаси раҳбари ва бошқа ходимлари томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024-йил 16 - октябрдаги 334-сонли буйруғига 43-иловада тасдиқланган Умумий ўрта таълим мактаби (мактаб-интернат) ходимларининг лавозим йўриқномаларига асосан умумтаълим мактабларидаги ўқитувчиларнинг асосий вазифалари белгилаб берилган. 

 Ушбу вазифалар ичида синф хонасини ёки мактабнинг маълум бир қисмини таъмирлаш ҳақида бирор бир қоида белгиланмаган.

 Шундай экан ўқитувчидан ремонт учун пул йиғишни ёки ремонт қилишини талаб этиш ноқонунийдир.

 Чунки янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 115-моддасига мувофиқ иш берувчи ходимдан унинг меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилмаган ишни бажаришни талаб қилиши тақиқланади. 

Хива туман ЮХКМ бош юрисконсулти М.Бойжонов

Мавзуга оид