s
USD: Rub: Eur:
2026-02-26 483

Суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш имкониятлари

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Ушбу жараёнда судлар фаолиятини рақамлаштириш орқали фуқароларга қўшимча енгилликлар яратилмоқда.

Натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар электрон шаклда амалга оширилмоқда.

Маълумки, фуқаролик ишлари бўйича судларда иш  юритиш тартибига оид асосий қоидалар Фуқаролик процессуал кодекси билан тартибга солинган.

Унга кўра, судларга анъанавий қоғоз шаклда ёки суд биносига келмасдан туриб, электрон шаклда мурожаат қилиш мумкин.

Шу билан бирга айрим ҳолларда масофа узоқлиги сабабли суд мажлисларида иштирок қилиш учун суд биносига келиш имкони бўлмаслиги мумкин.

Бундай ҳолларда судларда кўрилаётган ишларда масофадан туриб ҳам қатнашиш имконияти мавжуд.

Яъни, Фуқаролик процессуал кодексининг 208-моддасига кўра, очиқ суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.

Бунда шуни қайд қилиш лозимки, судда ёпиқ суд мажлисида кўриладиган ишлар видеоконференцалоқа режимида ўтказилмайди.

Кодексга асосан судларда ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар суднинг видеоконференцалоқа режимидаги мажлисида бу ҳақда ўзлари илтимоснома берганда ёки суднинг ташаббусига кўра иштирок этиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи ёки жойлашган ери ва турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан фойдаланилади.

Бир сўз билан айтганда ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

А.Рахимов, фуқаролик ишлари бўйича

Шовот туманлараро судининг раиси                                                  

Мавзуга оид