s
Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни
41-моддаси, 3-бандида, суд раислари суд ҳокимияти фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчиликнинг суд тизимига бўлган ишончи ва ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида ҳар чоракда суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали ахборот бериб боришлари белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан
2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунларга асосан нисан ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашдан иборат фаолиятини амалга ошириш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилди.
Хусусан, шаҳар судида бугунги кунда 1 нафар суд раиси, 3 нафар судялар (шундан 2 нафари тергов судьялари), 1 нафар девонхона мудири, 6 нафар судья ёрдамчилари ҳамда 1 нафар архив мудири фаолият кўрсатмоқда.
2025 йилда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг иш юритувига 2024 йилдан қолдиқ бўлиб ўтган 89 нафар шахсга нисбатан
73 та жиноят ишидан ташқари 628 нафар шахсга нисбатан 518 та жиноят иши келиб тушган, 195 шахсга нисбатан 142 та жиноят иши судловга кўра бошқа судга юборилган.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан 2025 йилда 407 нафар шахсга нисбатан 364 та жиноят иши кўриб тамомланган.
2025 йилда 311 нафар шахсга нисбатан 278 та жиноят иши бўйича айблов ҳукм чиқарилган, 78 нафар шахсга нисбатан 71 та жиноят иши тугатилган.
2025 йил давомида шаҳар томонидан 70 нафар аёлларга,
10 нафар вояга етмаган шахсларга, 144 нафар 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларга ҳамда 18 нафар 60 ёшдан ошган шахсларга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган.
2025 йил давомида 2024 йилга нисбатан ҳукм чиқарилган ишлар бўйича шахслар сони 102 тага, жиноят ишлари сони бўйича эса 50 тага камайган ва тугатилган жиноят ишлари бўйича шахслар ва жиноят иши сони 4 тага камайган.
2025 йилда жами 311 нафар шахс судланган бўлиб, шундан
53 нафар шахсга жарима, 53 нафар шахсга аҳлоқ тузатиш ишлари,
121 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш, 80 нафар шахсга озодликни чеклаш ҳамда 4 нафар шахсга нисбатан мажбурий жамоат ишлари жазоси берилган.
Шунингдек, 2025 йилда умумий судланганлар сони
311 нафарни ташкил қилиб, 2024 йилга нисбатан умумий судланганлик ҳолати 89 нафар шахсга камайган.
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди масъул ходимлари томонидан ўтган 2025 йил давомида жами 42 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинган бўлиб, шундан 20 та мурожаатлар шахсий қабуллар орқали қабул қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан
2025 йилда оммавий ахборот воситаларида жами 86 та, шундан радиода 10 маротаба, телевидениеда 22 маротаба, матбуотда
12 маротаба ва веб-сайт ва бошқа ахборот воситаларида 42 маротаба чиқишлар қилинган.
Бундан ташқари, халқ билан 93 маротаба оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбирлар ўтказилган.
Жами кўриб тамомланган 407 нафар шахсларга нисбатан 364 та жиноят ишлардан 112 таси ёки 29,4 фоизи сайёр суд мажлисида кўрилган.
Жиноят ишларини кўришда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари, жиноятларни олдини олиш ва уларни келтириб чиқарган шарт шароитларни бартараф қилиш бўйича суриштирув, тергов органлари ҳамда бошқа масъул ташкилотларга 329 та ёки жами кўриб тамомланган жиноят ишларига нисбатан 90,4 фоиз ҳолатда хусусий ажримлар чиқарилган.
Шаҳар суди томонидан 2025 йилда жами 7.513 нафар шахсларга нисбатан 7.081 та маъмурий ишлар мазмунан кўриб тамомланган.
Шулардан, 4.062 нафар шахсларга нисбатан 3.878 та маъмурий ишлар бўйича маъмурий жазо қўллаш тўғрисида қарор чиқарилган бўлса, 3.451 нафар шахсга нисбатан бўлган 3.203 та маъмурий ишлар тугатилган.
Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБдан олинган маълумотга кўра Урганч шаҳар ҳудудида 2025 йилда содир қилинган жиноятлар сони
2024 йилнинг шу даврига нисбатан 86 тага ошган.
Мазкур кўрсаткични жиноятлар кесимида таҳлил қилинганида гиёҳвандлик жинояти 45 тага, одам савдоси 5 тага, 10 фохшахона ташкил этиш 10 тага, порахўрлик, яъни коррупцион жиноятлар 5 тага ҳамда ноқонуний валюта савдоси билан боғлиқ жиноятлар 1тага ошган.
Жиноят ишларини келиб чиқишига асосан фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг етарли даражада эмаслиги, жойларда профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари томонидан аҳоли ўртасида, шунингдек ўқув муассасаларида фуқаролар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ўзларининг асосий вазифаларини амалга оширмаётганликлари, аҳоли ўртасида, айниқса муқаддам жиноят содир қилиб, жазони ўтаётган ёки судланганлик ҳолати тугалланмаган шахслар ўртасида тушунтириш ишларини етарли даражада олиб бормаганликлари сабаб бўлган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, келгусида ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги ҳамкорликда ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида:
- судлар томонидан ўтказиладиган сайёр суд мажлислари ва очиқ мулоқотларда асосан жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, муқаддам судланганлар, спиртли ичимлик ва гиёҳвандлик воситаларига ружу қўйган шахслар, шунингдек жанжалкаш оилалар аъзолари иштирокини таъминлашни;
- жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан киритилган тақдимномалар ҳамда жиноят ишлари юзасидан чиқарилган хусусий ажримларнинг муҳокамасида судьяларнинг иштирокини таъминлаш чораларини кўриш;
- шаҳардаги давлат бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хўжалик юритувчи субъектлар, ўзини-ўзи бошқариш органлари мансабдор шахслари томонидан амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида авваламбор ходимлар ўртасида, шунингдек, аҳоли ўртасида амалдаги қонун ҳужжатларини мазмун моҳиятини тушунтириш бўйича тарғибот ишларини реал йўлга қўйиш, шу орқали аҳолини ҳуқуқий онгини юксалтириш, ҳуқуқий маданиятини шакллантириш мақсадга мувофиқдир.
Жиноят ишлари бўйича
Урганч шаҳар судининг раиси М.З.Хасанов